in

Ўзбекистон ва Қозоғистон спорт соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари раҳбарияти ҳозирда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида хизмат сафарида бўлиб турибди. Ташриф давомида расмийлар қардош мамлакат билан спорт соҳасидаги алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида бир қатор учрашувлар ўтказмоқда.

Бугун Қозоғистон Туризм ва спорт вазири Ербол Мирзабосинов, Қозоғистон Миллий Олимпия қўмитаси Президенти — таниқли боксчи Геннадий Головкин ҳамда Паралимпия қўмитаси Президенти Кайрат Боранбаев билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида икки давлат спорт соҳасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жумладан, терма жамоалар учун қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш, йирик мусобақаларга тайёргарликни биргаликда олиб бориш, иқтидорли ёшларни селекция қилиш ва инфратузилмани ривожлантиришда ўзаро тажриба алмашиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Мазкур ташриф икки мамлакат спорт алоқаларини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши кутилмоқда.