in

Бирлашган Араб Амирликларининг Муҳаммад бин Зайд Сунъий Интеллект Университети билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БААга ташрифи доирасида БАА сунъий интеллект вазири Умар бин Султон ал-Оламани қабул қилган эди.

Президентимиз Муҳаммад бин Зайд Сунъий Интеллект Университети билан ҳамкорликни чуқурлаштириш, талабалар учун махсус ўқув дастурларини ишга тушириш ва бу йўналишда юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилишни таклиф этган эди.

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Бирлашган Араб Амирликларининг сунъий интеллект соҳасидаги нуфузли таълим маскани – Муҳаммад бин Зайд Сунъий Интеллект Университети (MBZUAI)нинг Глобал ҳамкорлик бўйича вице-президенти Лилй Бурнс билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистон ва MBZUAI ўртасида сунъий интеллект йўналишида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, университетнинг АI соҳасидаги кадрлар тайёрлаш дастурларида ўзбекистонлик мутахассислар ва талабалар учун янги имкониятлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, учрашувда IТ ва сунъий интеллект соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Ўзбекистон мутахассисларини илғор технологиялар бўйича малака ошириш дастурларига жалб этиш ҳамда академик ва илмий алмашинувларни кенгайтириш бўйича фикр алмашилди.