in

Ўзбекистон ва Жанубий Корея таълим ва илмий ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов Кореяда Инҳа университети Президенти Мёнг Ву Чо билан учрашув ўтказиб, икки томонлама таълим ва илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашув давомида профессор-ўқитувчилар салоҳиятини ошириш мақсадида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ассистентлари ва ходимларини Корея Республикасидаги Инҳа университетининг докторантура (PhD) дастурларига юбориш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва логистика технологиялари йўналишларида қўшма лабораториялар ва илмий марказлар ташкил этиш истиқболлари кўриб чиқилди. Компьютер инжиниринги йўналиши бўйича қўшма магистратура (МS) дастурини жорий этиш ташаббуси икки томонлама ҳамкорликнинг янги босқичи сифатида маъқулланди.

Битирувчи талабалар учун Инҳа университетининг магистратура (MBА) дастури бўйича грантлар ажратиш масаласи ҳам муҳокама қилиниб, танлов механизми ва квоталарни белгилаш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди.

Музокаралар чоғида Инҳа университетининг Аэрокосмик саноат–академия ҳамкорлик институти (IIACI) фаолияти ҳақида ҳам фикр алмашилди. Томонлар авиация ва космик саноат соҳасида Корея Республикасининг мазкур институт орқали тўплаган илғор тажрибасини Ўзбекистондаги таълим ва илмий-амалий фаолиятга босқичма-босқич татбиқ этиш имкониятларини муҳокама қилдилар.