Тошкент, Ўзбекистон — Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов Корея Республикаси Миллий ассамблеяси аъзоси, таълим ва маданият масалалари бўйича қўмита раиси Ким Кё Хин билан бўлиб ўтган учрашувда ахборот технологиялари соҳасида Ўзбекистон–Корея ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда Корея ахборот технологиялари компанияларининг Ўзбекистондаги фаолияти кенгайиб бораётгани қайд этилди. Маълум қилинишича, жорий йил якунига қадар мамлакатимизда фаолият юритаётган кореялик АТ-компаниялар сони 30 тага етиши кутилмоқда.
Шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб этиш, хусусан, йирик маълумотлар марказини қуриш лойиҳалари, рақамли таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар 2030 йилга қадар Ўзбекистонда ахборот технологиялари хизматлари экспорти билан шуғулланувчи компаниялар сонини 100 тага етказиш, қўшма лойиҳалар кўламини янада кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон–Корея стратегик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича амалий чора-тадбирларни белгилаб олдилар.
