in

Ўзбекистон ва JIСА таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — 1 апрель куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Ўктам Саломов Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JIСА) Шарқий, Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари департаменти Бош директори Танака Фусато бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Алоҳида таъкидланганидек, JIСА билан ҳамкорлик доирасида кўп йиллардан буён кадрлар тайёрлаш, жумладан Япония ҳукумати грантлари (JDS) орқали ўзбекистонлик мутахассисларни Япония олий таълим муассасаларида ўқитиш тизими самарали йўлга қўйилган.

Бугунги кунга қадар юзлаб ёш мутахассислар Японияда магистр ва доктор даражаларини қўлга киритиб, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Музокарада Ўзбекистон ва JIСА ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва самарадорлигини ошириш, шунингдек “Advanced STEM Human Resources Development Project” – илғор муҳандислик ва технологиялар соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган йирик лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди.

Музокаралар чоғида мазкур лойиҳанинг мақсад ва вазифаларига аниқлик киритилиб, уни амалга ошириш механизмлари юзасидан фикр алмашилди. 

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, илғор тажрибалар алмашинувини чуқурлаштириш ва янги қўшма таълим ҳамда илмий лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.