in

““TBC Group” билан рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект истиқболлари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон — Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов TBC Group халқаро операциялар бўйича раҳбари Оливер Хюз, TBC Group Uzbekistan компаниясининг Бош директори Ника Курдиани ҳамда TBC Bank Узбекистанънинг Бош директор ўринбосари ва Рисклар бўйича бошқарувчи Хикоят Муллажонова билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиёт соҳасидаги тараққиёти, рақамли хизматлар жорий этилиши ва унда сунъий интеллект технологияларини қўллаш ва замонавий технологик ечимлар юзасидан фикр алмашилди.

Муҳокамалар давомида Ўзбекистонда рақамли банкинг хизматларини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар мижозлар учун қулай, хавфсиз ва интеллектуал таҳлилларга асосланган рақамли молиявий хизматлар яратиш бўйича илғор тажриба ва технологияларни татбиқ этиш имкониятларини кўриб чиқдилар.

Шунингдек, сунъий интеллектдан фойдаланиш орқали мижозларнинг талаб ва эҳтиёжларини таҳлил қилиш, хавф-хатарларни олдиндан баҳолаш ва молиявий хизматларни янада оптималлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, булутли технологияларни жорий этиш бўйича истиқболли лойиҳалар: хусусан, давлат ва корпоратив ташкилотлар учун булутли ечимлар ёрдамида маълумотларни хавфсиз сақлаш ва улардан самарали фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув давомида сунъий интеллектнинг турли соҳалардаги аҳамияти, хусусан, молиявий хизматларда автоматлаштириш, мижозларга хизмат кўрсатиш тизимларини оптималлаштириш ва хавфсизликни таъминлашдаги роли таъкидланди.

Учрашув якуни бўйича томонлар ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олдилар.