in

Нурафшон 200 миллион долларлик инвестиция билан "Рақамли инновациялар водийси" лойиҳасини тайёрламоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Нурафшон шаҳар ҳокими Илхом Кличханов Осиё тараққиёт банки вакиллари билан учрашиб, 2027–2030 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган йирик "Digital innovation valley" лойиҳасини муҳокама қилди.

Мулоқотда Рақамли технологиялар вазирлиги Тошкент вилояти бўлинмаси бошлиғи Х. Йўлдошев ҳам иштирок этди.

Лойиҳа умумий 35 гектар ҳудудни қамраб олиб, унда ИТ Парк, инновациялар маркази, илмий-тадқиқот институтлари, замонавий лабораториялар, конференция заллари, таълим бинолари ҳамда турар жой инфратузилмаси барпо этилиши режалаштирилган.

Шунингдек, лойиҳа доирасида қиймати 200 миллион АҚШ доллари бўлган сунъий интеллект ва рақамли технологиялар бўйича миллий марказ ташкил этилиши режалаштирилган.

Лойиҳа доирасида 500 дан ортиқ илмий ва инновацион лойиҳаларни ишга тушириш, 160 дан ортиқ технологик прототиплар ва 100 дан ортиқ стартапларни яратиш, 10 миллион долларлик хусусий инвестицияларни жалб қилиш, 40 та технологик ечимларни тижоратлаштириш ва 10 та стартапнинг халқаро бозорларга чиқишига имкон бериш режалаштирилган.

Учрашувда томонлар лойиҳани дастлабки ташкилий жараёнлари, жой танлаш ва зарурий коммуникациялар билан таъминланиши, шунингдек лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш, ҳудудда замонавий инновацион экотизим яратиш ва янги иш ўринларини ташкил этиш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.