Тошкент, Ўзбекистон — Хиванинг Ташқи қалъаси — Дишан-Қалъа туристик ҳудудга айлантирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Лойиҳа доирасида вайрон бўлган қалъа деворлари тикланади ва аҳоли ҳамда шаҳар меҳмонлари учун дам олиш ҳудудига айлантирилади.
Дишан-Қалъа 1842 йилда Хива хони Аллақулихоннинг фармони билан қурилган, бироқ ҳозирда унинг ҳолати жуда ҳам ёмон. 6200 метр узунликдаги деворнинг тахминан 2000 метри бутунлай вайрон бўлган, яна 2500 метри таъмирталаб. Шунингдек, сўнгги йилларда қалъа атрофида кўплаб ноқонуний бино ва иншоотлар қурилган, бу эса девор атрофида сайр қилиш учун жой қолдирмаган.
Дишан-Қалъани сақлаб қолиш дастури доирасида «Шихлар» маҳалласидаги 55 та турар ва нотурар жой бошқа ҳудудларга кўчирилади. Бўшайган ер майдонида кўчатлар экилади, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилади.
Қалъа девори миллий меъморчилик анъаналари ва тарихий қиёфасига мувофиқ ҳолда таъмирланади. Тикланган девор бўйлаб 1,5–2 метр кенгликда пиёда йўлак барпо этилади. «Шихлар» ва «Ангарик» маҳаллаларида замонавий туристик мажмуа қуриш режалаштирилган бўлиб, у янгидан яратиладиган туристик инфратузилманинг бир қисмига айланади.
Ичан-Қалъа — Ўзбекистоннинг энг машҳур тарихий-маданий ёдгорликларидан бири бўлиб, ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. У ерда 58 та маданий ва археологик ёдгорликлар, 28 дан ортиқ экспозиция, 56 мингдан зиёд тарихий артефакт ва буюмлар, шунингдек, 174 та ҳунармандчилик устахоналари жойлашган.
2024 йилда Ичан-Қалъа 1 миллионга яқин хорижий ва 3,5 миллион маҳаллий туристни жалб этган. 2025 йилда эса туристлар сони янада кўпайиши, 2 миллион хорижий ва 5 миллионга яқин ички турист ташрифи кутилмоқда.