Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов жорий йилнинг 11 май куни «Templewater» компанияси раҳбари Слифф Зҳанг билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида компаниянинг туризм, жойлаштириш воситалари, энергетика ва сунъий интеллект соҳаларида амалга ошираётган инвестиция лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, Хитойнинг нуфузли меҳмонхона брендлари — “Rosewood Hotels & Resorts” ҳамда “Shangri-La Hotels and Resorts” тармоқларини Ўзбекистонга жалб қилиш ва мамлакат туризм салоҳиятини халқаро миқёсда тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвестиция муҳитини яхшилаш ва туристик инфратузилмани ривожлантириш борасидаги ишлар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Томонлар тоғли ҳудудларда Гонконг тажрибаси асосида туризмни ривожлантириш, мастер-режалар ишлаб чиқиш ва инфратузилма лойиҳаларига хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирди.
Шу билан бирга, Самарқанд вилоятидаги “Имом Ал-Бухорий” комплекси ҳудудида амалга оширилаётган меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйлари лойиҳаси тақдимоти ҳам ўтказилди.
Музокаралар якунида томонлар туризм салоҳиятини халқаро даражада тарғиб қилиш, Хитойнинг етакчи меҳмонхона брендларини жалб этиш ва жойлаштириш воситаларига инвестициялар киритиш масалаларида ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдилар.
