Тошкент, Ўзбекистон — Анвар Урмонов Тошкент шаҳри прокурори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати маълум қилди.
Янги тайинловга қадар Анвар Урмонов Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган, ундан олдин эса Шайхонтоҳур ва Сергели туманлари прокуратураларига раҳбарлик қилган.
Шаҳарнинг олдинги прокурори Эркин Йўлдошев эса яқинда Президент Администрацияси ҳузуридаги Комплаенс назорати хизмати раҳбари лавозимига тайинланган эди.