in

БМТ Аҳолишунослик жамғармаси ва Ўзбекистон демографик кўрсаткичлар ва меҳнат бозорини муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 2 апрель куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг Ўзбекистондаги доимий вакили Нигина Абасзада ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидхаджаев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида томонлар демографик жараёнлар ва меҳнат бозори ривожланишининг барқарор иқтисодий ўсишдаги ўрни ҳамда ушбу йўналишда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва устувор йўналишлар бўйича кенгайтириш масалалари юзасидан муҳокамалар олиб борди.

Хусусан, муҳокамалар давомида қуйидаги йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди:

демографик прогнозлар асосида ижтимоий ва инфратузилма хизматларига бўлган эҳтиёжни олдиндан баҳолаш ва режалаштириш бўйича ёндашувларни ишлаб чиқиш;

демографик дивидендлар, уларнинг инсон капитали ривожи ва ҳудудлар даромадларининг барқарорлигига таъсирини ўрганишга қаратилган қўшма таҳлилий тадқиқотларни амалга ошириш;

халқаро экспертларни жалб этган ҳолда салоҳиятни ошириш (capacity-building) дастурларини ташкил этиш;

қўшма техник кўмак ва грант лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш.

Шунингдек, томонлар мамлакатда инсон капиталини ривожлантириш, ҳудудий номутаносибликларни камайтириш, меҳнат бозорини такомиллаштириш ва ижтимоий сиёсат самарадорлигини ошириш масалаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, юқоридаги масалалар юзасидан фикрлар алмашинуви жараёнларини кенгайтириш ҳамда қўшма ташаббусларни амалга ошириш юзасидан келишиб олди.