in

Сенат “Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонунни рад этди

Тошкент, Ўзбекистон — Сенаторлар ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонунини кўриб чиқди.

Қайд этилганидек, уй-жой муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишнинг яхлит тизими мавжуд эмаслиги уй-жой сиёсатини изчил амалга оширишни мураккаблаштириб, ўз навбатида, соҳадаги давлат бошқарувини қайта кўриб чиқишни ҳамда тартибга солишнинг самарали механизмларини жорий этишни талаб қилмоқда. Бундан ташқари, Уй-жой кодекси ва Фуқаролик кодексида назарда тутилган ва бир-бирини такрорлайдиган айрим нормалар ўзаро зид бўлиб, ҳуқуқни қўллаш жараёнида турли низоли ҳолатларни келтириб чиқармоқда.

Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун ишлаб чиқилган.

Сенаторлар томонидан олиб борилган ўрганиш ва таҳлиллар Қонунда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар мавжудлигини кўрсатди.

Хусусан, Кодекснинг 7-моддасида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг кўп квартирали уйлардан техник жиҳатдан фойдаланиш нормалари ҳамда қоидаларига риоя этиш устидан назоратни амалга ошириши белгиланган.

“Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги Қонунда эса ушбу ваколатлар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекциясига берилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 августдаги ПФ-151-сонли Фармонига асосан Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси, Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ташкил этилган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Кодекснинг 7-моддасида белгиланган Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ваколатларини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ эканлиги қайд этилди.

Кодекснинг 30-моддасида турар жойни мулкдорлар билан тузиладиган шартнома асосида бузиш ва ўрнида янги бино қуриш тартиби белгиланган бўлса, 36-моддасида ҳам турар жойларни бузиш ва уларнинг ўрнида янги турар жойлар қуриш назарда тутилган.

Бир муносабат Кодекснинг 2 та моддасида такрор баён қилинаётганлиги сабабли 30 ва 36-моддаларини мувофиқлаштириш лозимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, Кодекснинг 40-моддасида уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож 5 тоифа шахслар кўрсатилган.

Ушбу тоифаларни белгилашда асос сифатида олинган Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 февралдаги 170-сонли қарори билан тасдиқланган Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олиш, давлат уй-жой фондидаги турар жойларни тақсимлаш ва тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом бекор қилинган.

Унинг ўрнига Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 мартдаги 124-сонли қарори билан Давлат уй-жой фондидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.

Ушбу Низомда 5 та тоифадан ташқари уй-жой ажратилаётган аҳоли пунктида камида уч йил яшаётган ва рўйхатда турган фуқаролар ҳам уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар ҳисобланиши белгиланган.

Бу ўринда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар тоифасини қайта кўриб чиқиш лозим бўлади.

Сенаторлар ушбу Қонунда яна бошқа бир-бирига зид нормалар ҳамда амалга оширилган маъмурий ислоҳотлар доирасида қайта ташкил этилган инспекциялар масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, сенаторлар Қонунни рад этди.