Тошкент, Ўзбекистон — 1 июль куни Хива шаҳрида Биринчи Ўзбекистон-Озарбайжон парламентлараро форуми муваффақиятли ўтказилди.
Озарбайжон Миллий Межлиси Раиси Саҳиба Гафарова ўз нутқида “Президент Ш.М.Мирзиёевнинг узоқни кўзлаб олиб бораётган сиёсати, амалга ошираётган ислоҳотлари туфайли бугунги кунда Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ривожланиш йўлидан жадал қадам ташлаб, кўплаб соҳаларда салмоқли ютуқ ва марраларни забт этмоқда”, – деб таъкидлади.
Кун давомида форум иштирокчилари қатор долзарб масалаларни муҳокама қилди. Жумладан, стратегик шерикликни мустаҳкамлашда парламентлар ўрни, ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, рақамлаштириш, инновацион ривожланиш, барқарор қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш, гендер тенглиги ҳамда гуманитар ва экологик соҳалардаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, амалга оширилган ишларнинг натижалари, тўпланган тажриба, мавжуд муаммолар ва уларнинг самарали ечимлари бўйича таклифлар муҳокама этилди. Томонлар парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштириш Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, фаровонлик ва умумий ривожланишга хизмат қилишини таъкидлашди.
Иқтисодий ҳамкорлик ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва туризм соҳаларида шерикликни ривожлантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришларига мослашиш, шунингдек, хотин-қизлар ва ёшларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ролини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Форумда инвестиция муҳитини яхшилаш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма тавсиялар ишлаб чиқиш, хорижда Ўзбекистон ва Озарбайжон савдо уйларини ташкил этиш, мунтазам бизнес миссияларини ўтказиб бориш, виза тартиб-таомилларини соддалаштириш ва рақамли туризм платформасини яратиш, Туркий дунё мамлакатлари учун умумий таълим базаси ва электрон ресурсларни шакллантириш, тиббий суғурта ва беморларни трансчегаравий даволаш бўйича қўшма ёндашувларни ишлаб чиқиш каби қатор аниқ ташаббуслар илгари сурилди ва қўллаб-қувватланди.
Форум якунида қуйидаги учта муҳим ҳужжат қабул қилинди:
Парламентлараро ҳамкорликнинг асосий тамойил ва устувор йўналишларини акс эттирувчи Хива декларацияси;
2025–2026 йилларга мўлжалланган Парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси (“йўл харитаси”);
таъсис этилиши қўшма қарорларни мувофиқлаштириш ва амалга оширишда муҳим механизм ҳисобланган Парламентлараро комиссия регламенти.
Иштирокчиларнинг фикрича, форум Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари манфаатларида икки дўстона давлат ўртасидаги парламентлараро мулоқотни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди.