in

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги ватандошларни ноқонуний миграцияга кўмаклашиш оқибатлари ҳақида огоҳлантирди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси Европа давлатларига ноқонуний миграцияда иштирок этиш жавобгарлиги ҳақида фуқароларга мурожаат қилди.

"Сўнгги пайтларда жиноий гуруҳлар Ўзбекистон фуқароларига катта миқдорда пул мукофоти ваъда қилиб, уларни Европа давлатларига, хусусан, Грецияга денгиз орқали ноқонуний мигрантларни олиб ўтишда воситачи сифатида фойдаланишга ҳаракат қилмоқда", — дейилади консулхона баёнотида.

Консулхона Туркия қонунчилигига мувофиқ, бундай фаолият учун жиноий жавобгарлик белгиланганини эслатиб ўтди. Ноқонуний миграцияга кўмаклашган шахсларга 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, йирик жарима, депортация, Туркия ва Европа мамлакатларига кириш тақиқланиши, шунингдек, Туркияда доимий яшаш ва ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиш каби жазолар қўлланилиши мумкин.

Шу боис, Бош консулхона ҳамюртларни жиноий гуруҳларнинг ваъдаларига ишонмасликка ва бундай схемаларда қатнашмасликка қаттиқ чақирди.