Тошкент, Ўзбекистон — Корея Республикасининг 2025/2026 йилларга мўлжалланган KSP (Knowledge Sharing Program) дастури доирасида жорий йилнинг 17–23 май кунлари Ўзбекистон делегациясининг Корея Республикасида хизмат сафари амалга оширилди.
Дастур давомида Кореянинг қонунчилик тизими, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва уларга ўзгартириш киритишда рақамли технологиялардан фойдаланиш амалиёти, ҳуқуқий ахборотни аҳолига етказишнинг замонавий механизмлари ҳамда ушбу йўналишдаги илғор тажрибалар юзасидан тақдимотлар ўтказилди.
Хизмат сафари доирасида делегация аъзолари Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси, Конституциявий суди, Ҳукумат қонунчилиги вазирлиги, Корея ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда ҳуқуқ соҳасида дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқувчи IТ компаниялар вакиллари билан учрашувлар ўтказди.
Дастур доирасида Адлия вазирлиги қошидаги «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Корея ҳуқуқий ахборот маркази ўртасида ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш ва уни тарқатиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Англашув меморандуми имзоланди.
Шунингдек, ҳуқуқ соҳасини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Кореялик мутахассислар мазкур учрашувлар ўзаро манфаатли бўлганини, келгусида ҳуқуқ соҳасида рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
