Тошкент, Ўзбекистон — Истанбулда Парламентлараро иттифоқнинг 152-ассамблеяси доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг президенти Тулия Эксон ва Бош котиби Мартин Чунгонг билан учрашувлар ўтказди.
Учрашувларда Парламентлараро иттифоқнинг парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш, демократик қадриятларни илгари суриш ва барқарор ривожланишга кўмаклашиш борасидаги муҳим ўрни қайд этилди. Ўзбекистоннинг Парламентлараро иттифоқ билан ҳамкорлиги жадал ривожланиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани таъкидланди. Тошкентда ўтказилган 150-юбилей ассамблея юқори баҳоланди.
Жорий йилда Парламентлараро иттифоқ раҳбариятининг ваколатлари тугаши муносабати билан томонлар биргаликдаги ишлар якунларини сарҳисоб қилдилар ва сўнгги йилларда парламент ҳамкорлигининг асосий йўналишлари бўйича натижаларни муҳокама қилдилар.
Суҳбатдошлар амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ташаббуслар туфайли Ўзбекистон парламенти халқаро ҳамжамиятда ўз обрўси ва мавқеини сезиларли даражада мустаҳкамлаганини таъкидлади.
Парламентлараро иттифоқ раҳбарияти баҳолаганидек, Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро парламент тадбирлари, хусусан, Тошкентдаги 150-ассамблея намунали бўлиб, юқори ташкилий стандартларни белгилаб берди.
Томонлар жорий йилнинг 4–6 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Ёш парламент аъзоларининг 12-глобал конференциясига тайёргарлик ишларига алоҳида эътибор қаратдилар. Ушбу анжуман Парламентлараро иттифоқнинг ҳар томонлама кўмагида юқори савияда ўтишига ишонч билдирилди.
Музокаралар якунида парламент дипломатиясини мустаҳкамлаш борасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишдан икки томон ҳам манфаатдор экани тасдиқланди.
