Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон ҳукумати тиббий хулоса асосида боланинг жинси ҳақидаги маълумотларни ўзгартиришда унинг шахсий маълумотларини ўзгартириш тартибини тартибга солувчи қарорни тасдиқлади.
Мамлакат Адлия вазирлиги ушбу масала юзасидан тушунтириш берди.
Қонунчиликка мувофиқ боланинг туғилишини қайд этиш вақтида унинг жинсига оид маълумотлар тиббиёт муассасаси томонидан бериладиган тиббий гувоҳнома асосида ёзилади.
Бироқ ҳар йили ўртача 5-6 нафар бола жинси ноаниқ ҳолатда туғилиши ҳолати учраб туради, бунда дастлабки текширувлар боланинг жинсини «ўғил» ёки «қиз» деб кўрсатсада, кейинчалик бола 5-10 ёш, айрим ҳолатларда эса 10-16 ёшдан ошганда боланинг жинси «ўғил» эмас «қиз» эканлиги ёки аксинча «қиз» эмас «ўғил» эканлиги аниқланмоқда.
Шу каби ҳолатларда тиббиёт муассасасининг хулосаси билан жинсга оид маълумотларга тузатиш киритилади.
Маълумот учун: бу каби ҳолатларда жинсини тузатиш мумкинлиги Оила кодексининг 229-моддасида белгиланган бўлиб, мазкур ҳуқуқий нормалар янги жорий этилмаган, аксинча 1998 йил 1 сентябрдан буён амалда ҳисобланади.
Бу борада қонунчилик ҳужжатларида айрим ҳуқуқий бўшлиқлар мавжуд бўлган.
Мисол тариқасида, 2008 йилда туғилган боланинг жинсини аниқлаш имкони бўлмасдан «ўғил» деб ёзилган ва ўғил боланинг исми қўйилган. Кейинчалик бола 16 ёшга тўлгач тиббий текширувларда унинг жинси «қиз» эканлиги аниқланиб, тиббиёт муассасасининг хулосасига асосан жинсига оид маълумотларга тузатиш киритилган. Бироқ ушбу хулоса асосида унинг фамилия, исм ва ота исмини қиз болаларга мос равишда ўзгартириш имкони бўлмаган.
Мазкур ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 12 июндаги 362-сон қарори қабул қилиниб, тиббиёт муассасасининг хулосасига асосан жинсига оид маълумотлар тузатилганда боланинг фамилия, исм ва ота исмини жинсига мос равишда ўзгартириши белгиланди.
Ушбу қадам илгари мавжуд бўлган ҳуқуқий ноаниқликларни бартараф этишга ва боланинг манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган.