Тошкент, Ўзбекистон — Мажлисда транспорт соҳасида давлат назоратини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга темир йўл транспорти ва метрополитенда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, ҳайдовчиларининг меҳнат ва дам олиш режимини назорат қилувчи носоз қурилмадан (тахографдан) фойдаланиш, ҳайдовчининг меҳнат ва дам олиш режимини бузиш учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Шу билан бирга, автомобиль транспортида йўловчиларни мунтазам йўналишларда ташиш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳномасиз йўловчи ташиш, белгиланган йўл ҳақи тарифларини ошириш, мунтазам йўналиш бўйича тасдиқланган қатнов жадвалига амал қилмаслик, белгиланган ҳаракат ҳамда юк билан ёки юксиз ҳолдаги габарит ўлчамлари, шунингдек, умумий ҳақиқий вазни, ўққа тушувчи оғирлиги белгиланган нормалардан оширган ҳолда йўлга ва рухсатномада кўрсатилган ҳаракат йўналишидан четга чиқиш учун жавобгарлик назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги, “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги, “Давлат божи тўғрисида”ги, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ҳамда “Транспорт тўғрисида”ги қонунларга Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси ташкил этилгани сабабли, соҳадаги давлат назорати юклатилган вазифалар ва ташкилотнинг номланиши билан боғлиқ ўзгартиришлар ҳам киритиляпти.
Депутатларнинг айтишича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши транспорт соҳасидаги хизматлар сифатини ошириш, йўловчилар учун мунтазам йўналишларда мақбул нархларда ташиш жараёнларини олиб бориш, автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъминлаш жараёнларидаги ўзбошимчаликларни олдини олиш, йўловчи ва юк ташиш хизматларида хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.