in

Ердан самарали фойдаланиш учун давлат божлари тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришлар иккинчи ўқишда маъқулланди

Тошкент, Ўзбекистон — Мажлисда “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда ер ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, давлат ва жамият манфаатларини кўзлаб ер ажратишда белгиланган инвестиция мажбуриятларнинг бажарилиши устидан назоратни кучайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажармаслиги, ердан самарасиз ёки ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш зарурати юзага келмоқда.

Бундан ташқари, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, махсус иқтисодий ва саноат зоналари дирекциялари томонидан судга даъво аризаси киритишда давлат божи тўлашга мажбур бўлиб, бу ҳолат уларнинг асосий функциялари бажаришига ва ҳудудий саноат салоҳиятини ривожлантириш ҳамда инвестицияларни фаол жалб этиш учун ажратилиши лозим бўлган ресурсларнинг камайишига олиб келмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси билан “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга махсус иқтисодий ва саноат зоналари дирекциялари инвестиция битими бўйича мажбуриятларини бажармаган тадбиркорлик субъектларининг ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилиш бўйича иқтисодий судларга киритилган даъво аризалари юзасидан давлат божини тўлашдан озод этилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартириш киритилмоқда.

Қайд этилганидек, депутатлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида ундаги нормаларни амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштириш, ҳуқуқни қўллашда тушунмовчиликларнинг олдини олиш ва ер муҳофазасини таъминлашда барча мажбуриятлар бажарилишини лойиҳада акс эттиришга алоҳида эътибор қаратишди. Ушбу қонун лойиҳаси ердан оқилона ва самарали фойдаланишга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.