Тошкент, Ўзбекистон — “Италия – Марказий Осиё (С5) + Озарбайжон” бизнес-форуми доирасида халқаро делегация аъзолари “Тошкент трактор заводи” МЧЖга ташриф буюрдилар.
Мазкур ташриф форум иштирокчиларига мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи йирик корхонанинг техник салоҳияти, инновацион ишлаб чиқариш тизими ва халқаро ҳамкорлик имкониятларини яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилди.
Учрашувда Туркманистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Беркели Беркелиев ҳамда Италия қишлоқ хўжалиги машинасозлиги уюшмаси президенти Мариа Тереса Масчио бошчилигида 20 га яқин етакчи компаниялар вакиллари иштирок этди.
Делегация аъзолари дастлаб Германия, Хитой ва Туркия каби давлатлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган техникалар билан танишдилар. Шундан сўнг меҳмонларга завод ҳудудидаги ишлаб чиқариш, пайвандлаш, йиғув ва бўёқлаш тсехларининг техник ва технологик салоҳияти батафсил намойиш этилди.
Тошкент трактор заводи хорижий меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Хусусан, Италия қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарувчилари федерацияси президенти завод имкониятларидан ҳайратда эканини таъкидлади ҳамда ҳамкорлик учун кенг истиқбол ва имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
Шунингдек, завод вакиллари келгусида хорижий компаниялар билан мустаҳкам муносабатлар ўрнатиш ва ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканини билдирдилар.
Меҳмонлар ва корхона вакиллари янги тажрибаларни Италия компаниялари билан уйғунлаштириш, янги технологияларни жорий этиш ҳамда келгусидаги лойиҳалар бўйича ўзаро фикр алмашдилар.
Мазкур ташриф икки мамлакат ўртасидаги қишлоқ хўжалиги технологиялари ва саноат соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун муҳим платформа бўлди.
