Тошкент, Ўзбекистон —
Президент Шавкат Мирзиёев 24 сентябрь куни касбий таълимни ривожлантириш ва миллий малака тизимини ислоҳ қилишга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.
Бу ҳақда шу йил 5 февраль куни ижтимоий соҳалар бўйича бўлиб ўтган видоселектор йиғилишида вазифа қўйилган эди. Ўтган вақт мобайнида тизимнинг самарадорлиги танқидий ўрганилиб, қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Ҳозирги кунда профессионал таълим тизими уч турдаги муассасалар: 333 та касб-ҳунар мактаби, 227 та техникум ва 112 та коллеждан иборат. Улар табақалашганлиги ва дастурлари ўртасида узвийлик бўлмагани сабабли мавжуд қувватлардан унумли фойдаланилмаяпти.
Шу боис мазкур 3 турдаги муассасалар негизида техникумлар тармоғини ривожлантириш таклиф этилмоқда. Унга кўра, 600 та техникум ташкил этилади. Мақбуллаштириш натижасида бўшайдиган 71 та муассаса биноси мактабларга айлантирилиб, 42 мингта янги ўқувчи ўрни яратилади.
Бундан ташқари, илгари коллежлар турли вазирлик ва идораларга қарашли эди. Энди бу тизимда бошқарув, ташкилий ва методик жиҳатдан ягона давлат сиёсати Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан юритилади.
Замон талабларига тез мослашиши учун техникумларнинг академик мустақиллигини кенгайтириш мўлжалланмоқда. Ўқиш муддатлари ва давомийлигини касб мураккаблиги ва ўқувчининг таълим даражасига қараб белгиланиши кўзда тутилмоқда.
Техникумларда таълим сифати ва жозибадорлигини ошириш мақсадида халқаро таълим дастурлари йўлга қўйилади. Дастлаб, тажриба тариқасида, 14 та техникумда Англиянинг “BTEC” дастури жорий этилади. Битирувчиларга 70 та давлатда тан олинадиган диплом берилади ҳамда 200 дан ортиқ хорижий университетларга кириш имкони яратилади. Натижага қараб, бу тажриба босқичма-босқич бошқа техникумларга ҳам татбиқ этилиши мумкин.
Қабул жараёнини иш берувчилар талаби асосида шакллантириш ҳам муҳим. Шу мақсадда электрон платформа яратилиб, унга барча вазирлик ва тармоқлар уланади. Техникумларнинг таълим дастурлари саноат тармоқлари, тадбиркорлар бирлашмалари, йирик иш берувчилар ва уюшмалар билан келишилганидан сўнг амалиётга киритилади.
Тақдимотда Миллий малака тизимини ислоҳ қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Сўнгги йилларда бу борада муайян ишлар қилинди. Лекин вазифалар ундан-да кўп. Мингдан зиёд ишчи касбларнинг стандартлари ишлаб чиқилмаган. Айрим касблар бўйича квалификациялар халқаро талабларга мос келмайди.
Шу боис энди Касбий малака ва билимларни ривожлантириш республика кенгашига Бош вазир раислик қилади. Унинг таркибида 24 та янги тармоқ кенгашлари тузилади.
Шунингдек, Таълим соҳасидаги лойиҳалар офиси ҳузурида Миллий малака тизимини ривожлантириш институти фаолияти йўлга қўйилади. Институт ривожланган давлатлар тажрибаси асосида Миллий малака рамкасини янги таҳрирда қабул қилади. Лавозим ва касблар классификатори қайта кўриб чиқилади, 100 га яқин замонавий касблар киритилиб, ҳозир амалиётда бўлмаганлари чиқариб ташланади.
Давлатимиз раҳбари техникумларни жиҳозлар ва иш қуроллари билан таъминлаш, замон талабларига мос ишчи-мутахассислар тайёрлаш, бунинг учун амалиётга кенг ўрин бериш юзасидан ўз фикрларини билдирди.