in

“Маҳаллий аҳолининг турмуш даражасини оширишда маҳалланинг ўрни” мавзусидаги халқаро конференция

Тошкент, Ўзбекистон — 2 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрининг “Silk Road” мажмуасида Ўзбекистон Президентининг “Камбағалликдан фаровонлик сари” ғояси асосида “Маҳаллий аҳолининг турмуш даражасини оширишда маҳалланинг ўрни” мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлади.

Хабарингиз бор, йил аввалида давлатимиз раҳбарининг тегишли қарор ва фармонлари асосида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ташкил этилди.

Ўтган давр мобайнида Уюшма томонидан ўзини-ўзи бошқариш тизимини такомиллаштириш, айни йўналишда халқаро тажрибани ўрганиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, дунёнинг нуфузли тузилмалари билан алоқалар йўлга қўйилди. Хитой, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон давлатларига делигацияларимизнинг ташрифлари амалга оширилди. 

Кўҳна кентда ўтказилиши режалаштирилган мазкур халқаро конференция амалга оширилаётган ана шу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда  маҳалла институти ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини хорижда кенг тарғиб этиш, бу борада чет давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш асосий вазифаларимиздан саналади. 

Мазкур халқаро тадбир дунёнинг кўплаб нуфузли тузилмалари ҳамда 70 дан ортиқ мамлакатлар экспертларини ягона платформага бирлаштиради.

Халқаро анжуманда жумладан, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси,  Unicef, UNDP, UNODC, UNFPA, USAID каби халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий мамлакатларнинг юртимиздаги элчилари, ўзбекистонлик соҳа мутахассислари, олимлар, маҳалла фаоллари иштирок этади.

“Маҳалла еттилиги” Президент томонидан илгари сурилган ва бугун ўзини оқлаган тизим. Демак, бу тажрибани ўрганишга тўлиқ асос бор.

Конференцияда дунёнинг нуфузли экспертлари ўзини ўзи бошқариш, камбағалликни қисқартириш, ёшлар сиёсати, ижтимоий ҳимоя,  маҳаллада тадбиркорликни кенг тадбиқ этиш каби йўналишларда жаҳондаги энг илғор тажрибаларни ўрганади.

Ялпи мажлисдан сўнг конференция иши шўъбаларга бўлинган ҳолда давом этади.

Биринчи шўъба: Марказий Осиё мамлакатларининг ўзини ўзи бошқариш органлари тажрибаси

Иккинчи шўъба: Давлат бошқарувида ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни

Учинчи шўъба: Ўзини ўзи бошқариш органларида хотин-қизлар, ёшлар ва болалар манфаатларининг таъминланиши

Тўртинчи шўъба: Ўзини ўзи бошқариш органларида замонавий технологияларни жорий этиш, илмий тадқиқот фаолиятини ривожлантириш ва малака ошириш тизимини такомиллаштириш

Конференцияда шунингдек, маҳалла тизимини кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан тайёрланган миллий маҳалла тизими фаолиятини акс эттирувчи махсус ҳужжатли фильм намойиш этилади.

Анжуман сўнгида конференция натижаларига доир томонларнинг якуний декларацияси имзоланади.