in

Миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 31 май куни Адлия вазирлигида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамкорлигида “Миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштириш масалалари” мавзусида конференция бўлиб ўтди. 

Конференция ишида Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, тадқиқот институтлари ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети вакиллари иштирок этди. Унда миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) битимларига уйғунлаштиришнинг долзарб масалалари, ушбу ташкилотга аъзо бўлишдаги алоҳида ўрни ва аҳамияти ҳамда илмий саволлар муҳокама қилинди.

Хусусан, адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан Адлия вазирлиги ҳамда 20 дан ортиқ вазирлик ва идораларда ЖСТ масалалари бўйича бўлинмалар ташкил этилганлигини ҳамда миллий қонунчиликни уйғунлаштириш бўйича доимий иш олиб борилаётганлигини белгилаб ўтди.

Ўз навбатида, вазир ўринбосари 2023-2024 йиллар давомида ЖСТ битимларига мувофиқлаштириш мақсадида 24 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани ва 40 тага яқин ҳужжатлар уйғунлаштирилишига эришилганини таъкидлади. Жумладан, ЖСТнинг “миллий режим” тамойилига мувофиқ тадбиркорлик субйектларини ҳамда интеллектуал мулк ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказишда маҳаллий ва хорижий шахслар учун ўрнатилган давлат божи миқдорлари бирхиллаштирилди.

Бундан ташқари, Адлия вазирлигида миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига уйғунлаштириш бўйича махсус бошқарма ташкил этилганидан буён 700 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари ЖСТ қоидаларига мувофиқлиги жиҳатдан экспертизадан ўтказилганлиги қайд этилди. 

Шунингдек, илимй ҳамжамият томонидан бу борада малакали кадрларни тайёрлаш масалалари ва зарурияти ҳамда олий таълим муассасаларида ЖСТ қоидалари бўйича курсларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилиши лозимлиги таъкидланди.

Telegram- !