in

Олий суд раиси UNICEF Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари билан учрашди

Мулоқот аввалида меҳмонга сўнгги йилларда мамлакатимизда Президент Ш. Мирзиёев раҳбарлигида инсон қадрини улуғлаган ҳолда унинг ҳуқуқ ва эркинликларини, халқ манфаатини таъминлашга қаратилган амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳамда улар туфайли одил судлов соҳасида юз берган катта ўзгаришлар ҳақида маълумотлар берилди. 

Ўзбекистонда болалар меҳнатига барҳам берилганлиги, оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарлик киритилганлиги ҳамда аёллар ва болалар ҳимояси кучайтирилганлиги бу борада олиб борилаётган ислоҳотларнинг яққол намунаси эканлиги таъкидланди. 

Шунингдек, сўнгги йиллар давомида Олий суд томонидан UNICEFнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар, хусусан болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилинишига доир бир қатор долзарб масалалар юзасидан ўтказилган тадбирлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтилди. 

UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда 2020 йил 18 февралда жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида ишлар кўрилаётган вақтда жабрланувчи ёки жиноят гувоҳи бўлган болаларга дўстона муҳитли хона ташкил этилганлиги алоҳида қайд қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан 2024 йил 1 февралдан бошлаб тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларининг икки нафардан судьясини оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирган ҳолда ушбу судларда “Оила судьялари” ташкил этилган.

Шунинг баробарида меҳмонга “Оила судьялари” фаолияти ва улар томонидан кўриб чиқиладиган оилавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи ишлар рўйхати ҳамда тайинланган судьяларнинг билим ва малакасини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.

Шу ўринда судларда оилавий низоларни кўришга ихтисослашган судьялар учун тренинглар ўтказиш ва судьяларни мазкур йўналиш бўйича малакасини ошириш юзасидан UNICEFнинг ҳамкорликка тайёр эканлиги билдирилди.

Учрашув давомида томонлар ҳамкорликда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида 2024-2025 йилларда амалга ошириш мумкин бўлган масалалар ҳақида фикр алмашди. 

Болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ишончли ҳимоя қилиш масаласи доимо Олий суднинг диққат-эътиборида эканлиги билдирилиб, ушбу йўналишда UNICEFнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳар томонлама ва амалий ҳамкорликка тайёр эканлиги таъкидланди.

Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Telegram- !