in

Оролбўйида юзлаб аҳоли муаммолари ҳал этилмоқда

Президент Халқ қабулхонаси бошчилигидаги вазирлик-идоралар масъулларидан иборат Республика ишчи гуруҳининг Қорақалпоғистондаги фаолияти давомида мурожаатлар таҳлили асосида тизимли масалалар аниқланиб, ҳал қилиняпти.

Бу борада ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож мурожаатчилар бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш, шу билан бирга, маҳаллаларда маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари қамровини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Республика ишчи гуруҳининг қисқа фаолияти давомида ҳозиргача 535 нафар фуқаро бандлиги таъминланди. Шундан, 241 нафари бўш иш ўринларига жойлаштирилган бўлса, Нукус шаҳри, Хўжайли, Бўзатов туманларида 68 нафар мурожаатчининг ўзини ўзи банд қилишига кўмаклашилди. Дейлик, Президент Халқ қабулхонаси, Вазирлар Кенгаши, Нукус шаҳар секторлари ўрганишларидан сўнг Нукус шаҳридаги 35 нафар хотин-қизларга субсидия асосида тикув машиналари ва бошқа иш анжомлари олиб берилди. Энди улар ўз маҳалласидаги лидер тадбиркорларга бириктирилиб, ишлаб даромад топиши учун тизим ҳам яратилади.

Ёки Қонликўл туманидаги ўрганишлар натижасида юздан ортиқ мурожаатчига уй-жойи учун мулк ҳуқуқини берувчи кадастр ҳужжатлари топширилди. Бу билан уларнинг бу борадаги 15 йиллик муаммоси ҳал қилинди.

Қонликўл тумани “Наврўз” овул фуқаролар йиғини аҳолиси эса анчадан бери янги болалар боғчаси қуриб бериш масаласида мурожаат қилиб келарди. Бу борадаги ўрганишлар, таклифга, сўнг лойиҳага айланди. Давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон” массивлари бунёд этишга оид эзгу ташаббуси ижроси жараёнида бу масала ҳам тегишли дастурга киритилиб, мана, бугун овулда замонавий мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.

Мазкур муассаса 80 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида болажонларга таълим-тарбия бериш учун барча шароит яратилган. Асосийси, бу билан тумандаги мактабгача таълим қамрови 82 фоизга етказилади.

Қонликўллик ёшлар билан мулоқотлар ягона Ватан – Янги Ўзбекистонни барпо этишга муносиб ҳисса қўшиш, йигит-қизларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш каби мавзуларда кечди. Мактабларни аъло баҳоларга тамомлаган 19 нафар битирувчига олтин ва кумуш медаллар топширилди.

Республика ишчи гуруҳининг Оролбўйидаги фаолияти давом этяпти.

Telegram- !