in

Оҳангарон туманида кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолати аниқланди

Мамлакатимизда фуқароларни арзон гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда наслдор чорва молларини кўпайтиришга қаратилган давлат дастурлари доирасида ажратилаётган имтиёзли кредит маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан прокуратура органлари билан ҳамкорликда текширув тадбирлари ўтказилди. 

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги “Тошкент вилояти Оҳангарон туманида чорвачиликни ривожлантириш тўғрисида”ги 890-сонли қарори доирасида, 2020 йилда тумандаги тижорат банкларидан бири ҳамда сут маҳсулотлари етиштириш ва наслли молларни кўпайтириш билан шуғулланувчи “ТҚД” фермер хўжалиги ўртасида тузилган шартномага асосан 7 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 18% устама тўлаш, шундан 3 фоизини Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан қоплаб бериш шарти билан 5,5 млрд. сўм ажратилган. 

Мазкур маблағ ҳисобига Австрия давлатидан 194 бош наслли, йирик шохли чорва моллари олиб келинишида фермер хўжалик Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилдаги “Осиё тараққиёт банки иштирокидаги “чорвачилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини яратишни ривожлантириш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 4538-сонли қарорига асосан 843,4 млн. сўмлик солиқ ва божхона тўловларидан озод қилинган, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилдаги “Чорвачилик тармоғига давлат томонидан субсидия ажратишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 280-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан хориждан келтирилган чорва моллари учун 278 млн. сўмлик субсидия маблағи ажратилган.

Аммо, фермер хўжалик масъуллари банкка тақдим қилинган бизнес режада кўрсатилган сут маҳсулотлари етиштириш ва наслли молларни кўпайтириш билан амалда шуғулланмасдан ҳамда наслдор қорамолни камида 2 авлод олгунча сақламасдан 98 бош наслли, йирик шохли чорва молларини нақд пулга сотиб юбориб, 2 млрд. 833,3 млн. сўмлик кредит маблағларини талон-торож қилишган. 

Шунингдек, ажратилган кредит маблағлари мақсадли сарфланиши юзасидан банк мансабдор шахслари томонидан мониторинг ишлари керакли даражада олиб борилмаган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан фермер хўжалик мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 192-11 –моддаси 2-қисми “а” банди билан, банк мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 207-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Telegram- !