in

“Риелторлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди

Тошкент, Ўзбекистон — Мажлисда “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда риэлторлик хизматлар бозоридаги талабларни қондириш мақсадида риэлторлик фаолиятини ривожлантириш, ушбу хизматлар сифатини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, риэлторлик фаолиятини тартибга солиш, соҳада амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни замонавий тенденцияларга ва қонунчиликдаги ўзгаришларга мувофиқлигини ўрганиш, тўғридан-тўғри амал қиладиган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурати юзага келмоқда.

Шундан келиб чиқиб, ушбу қонун лойиҳаси билан норасмий воситачиларнинг (маклерларнинг) яширин бозорини қисқартириш, улар фаолиятининг очиқлиги ва ҳалоллигини таъминлаган ҳолда “кўчмас мулк бўйича агенти” сифатида риэлторлик фаолиятини юритишга рухсат бериш, бу билан рақобат муҳитини ривожлантириш, истеъмолчиларининг риэлторларга нисбатан ишончини ошириш ҳамда фуқароларнинг алданиш ҳолатларини олдини олиш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, банкдан ташқари айланмани, шу орқали яширин иқтисодиётнинг қисқариши ва риэлторлик хизматларини “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатиш мақсадида кўчмас мулк объектларининг электрон савдосини ҳамда ҳисоб-китобларни электрон шаклда амалга ошириш (клиринг) имконини берувчи мультилистинг тизимларини (электрон савдосини) ташкил этиш белгиланяпти.

Лойиҳа билан риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмалари ўрнини кенгайтириш, уларга янги вазифалар ва ваколатлар бериш ҳам таклиф этилмоқда. Шунингдек, риэлторлик субъектларининг тўғри ҳисобини юритиш, улар ҳақида жамоатчиликка очиқ ахборот етказиш, ва самарали мониторингни йўлга қўйиш мақсадида, аҳоли учун очиқ бўлган риэлторлик субъектларининг “Ягона реестри” ахборот тизимини жорий этиш белгиланмоқда.

Мажлисда депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамияти ва заруратига алоҳида эътибор қаратиб, унда назарда тутилаётган айрим нормалар бўйича бир қатор саволларни ўртага ташлашди. Жумладан, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Зафар Худойбердиев қонун лойиҳасининг 19-моддасида риэлторлик ташкилотига қўйилаётган мажбурий шартларга тўхталиб ўтди. Хусусан, улардан бири, яъни риэлторлик ташкилоти профессионал жамоат бирлашмаларидан бирига аъзо бўлиши керак, дея мажбурият қилиб белгиланиши назарда тутилаётгани амалдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги қонунлар нормаларига зид бўлиб қолмайдими? деган савол ўртага ташланди.      

Шунингдек, депутатлар томонидан, риэлтор, риэлторлик ташкилоти, риэлторлик фаолиятининг асосий принциплари, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларига оид бир қатор аниқлаштирувчи саволлар ҳам берилди.

Қонун ташаббускорлари берилган барча саволлар юзасидан атрофлича тушунтиришлар бердилар.

Савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.