in

Самарқанда инсон ҳуқуқлари бўйича IV  форуми бошланди

13 июнь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми Ўзбекистоннинг қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳрида ўз ишини бошлади. Бу галги анъанавий халқаро анжуман «Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги, барқарор ечимлар топиш» мавзусига бағишланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми иштирокчиларига табрик йўллади. Табрикни Президентнинг Матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.

Самарқанд форумининг нуфузли меҳмонларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов
кутиб олар экан, иқлим ва инсон ҳуқуқлари муаммолари муҳокама қилинадиган ушбу халқаро анжуман Ўзбекистон Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқлим ўзгариши бўйича конференциясидаги (СOP28) нутқида илгари сурилганини таъкидлади.

Очилиш маросимида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк ҳамда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Директори Маттео Мекаччининг видеомурожаатлари намойиш этилди. Форум очилишида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари Музраф Икрамов, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси Сабина Маҳл иштирокчиларни табриклади. 

Спикерлар Самарқанд форуми ишига муваффақият тилар экан,
ҳозирги вақтда дунёда кескин экологик вазият кузатилаётганига эътибор қаратдилар. Сайёрамиз миқёсида учта инқироз, яъни иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши кучаймоқда. Бу хавф-хатарлар ҳатто дунё геосиёсий архитектурасига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Барқарор ривожланиш йўлида энг асосий таҳдидга айланган иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари Орол фожиаси туфайли Марказий Осиёда айниқса жиддий сезилмоқда. Шундай мураккаб шароитда Орол денгизи фожиасига қарши курашни давом эттираётган Марказий Осиё иқлим ўзгаришлари олдида энг заиф минтақалардан бирига айланмоқда.

Глобал муаммо бўлган Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш йўлида Ўзбекистон ўз имкониятлари даражасида ҳаракат қилаётган бўлишига қарамай, бу саъй-ҳаракатларни давом эттириш учун халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлаши жуда муҳим. Шу маънода, Ўзбекистон Президенти 2023 йил 20 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқида БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди. 

Ушбу ташаббус глобал иқлим ўзгаришларининг Марказий Осиё билан боғлиқ таҳдидлари олдини олиш учун минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади ҳамда барча ҳамкорларнинг манфаатларига бирдек мос келади. Бу таклифнинг негизида мавжуд экологик муаммоларга фақат минтақавий даражада ёндашиш эмас, балки айни таҳдидларнинг ўзига хос жиҳатларига халқаро ҳамжамият эътиборини қаратиш мақсади ҳам мужассамдир. 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги ташаббуси билан 2021 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги резолюцияси қабул қилинганини алоҳида қайд этиш лозим. Бош Ассамблея бундай мақомни биринчи бўлиб Оролбўйи минтақасига тақдим этди.

Натижада 2018-2022 йиллар давомида Орол денгизининг қуриган тубида 1,7 миллион гектар ўрмонзорлар яратилди. Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, Оролбўйида биохилма-хилликни сақлаш учун 3,5 миллион гектардан ортиқ майдонда табиат парклари, қўриқхоналар ва давлат ҳимоя ҳудудлари барпо этилди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисини марказлашган тарзда ичимлик сув билан таъминлаш ҳолати анча яхшиланди.

Ф.Тюрк, жумладан, “эҳтимол, ҳеч бир жойда Орол денгизидагидек экологик бузилиш кузатилмаган. Ўтган йили Ўзбекистонда бўлганимда бунга ўзим гувоҳ бўлганман”, деб таъкидлади. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари таъбири билан айтганда, “Бу мисол шуни кўрсатадики, уч карра сайёра инқирози фақатгина атроф-муҳит ва инсон ҳуқуқлари учун фалокат эмас. Бу бизнинг иқтисодиётимиз учун ҳам ҳалокатдир. Марказий Осиёда фақат ўтган йилнинг ўзида иқлим билан боғлиқ офатлар 3 миллиард доллар зарар келтирди”.

Шунингдек, М.Икрамов қайд этганидек, “глобал муаммога айланиб бораётган автомобиллар ҳаракатланиши ва тирбандликларнинг авж олиб бораётгани ҳам ҳавонинг ифлосланиши сабабларини келтириб чиқармоқда. Автотранспорт воситалари атмосфера ҳавосини азот оксиди билан 45,7 фоиз, углеводородлар билан 42 фоиз зарарлантиради. Ер юзидаги жами бир йилда ҳавога чиқариб ташланадиган 100 млн тоннага яқин ис газининг 75,5 млн тоннаси ёки 78 фоизи автотранспорт воситаларига тўғри келади. Шу боисдан, бу глобал хавфлар жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг барқарор келажагини белгилаб олиш, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш – Янги Ўзбекистоннинг устувор стратегик вазифаларидан биридир”.

М.Мекаччи фикрича, “Экстремал об-ҳаво ҳодисалари аллақачон яшаш, ишлаш ва ўқиш учун хавфсиз жойларни излаётган, кўпинча ўз уйларидан узоқда бўлган миллионлаб одамларнинг миграция қилиши ва кўчишига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун ҳаётни ўзгартирувчи бундай муаммоларга жавоб бериш барча одамларнинг ҳуқуқлари ва эҳтиёжларини ҳурмат қилиш йўлида жуда муҳимдир”. Яқин келажакда, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Директори ишонч билдирганидек,

“Марказий Осиё ва бутун ЕХҲТ ҳудуди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг меҳнати ҳурмат қилинадиган ва рағбатлантириладиган, атроф-муҳитга оид хавотирлар эшитиладиган намунавий минтақага айланиши мумкин”.

Глобал кўламдаги ҳамкорлик, шубҳасиз, иқлим билан боғлиқ офатларни бартараф этишга оқилона стратегик ечимлар топиш ва зарур ресурсларни самарадорлик билан сафарбар этиш имкониятларини сезиларли даражада оширади. Ўзбекистон Президентининг айни йўналишдаги ташаббуслари, бир томондан, иқлим ўзгаришларига қарши курашиш йўлидаги халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни янада мустаҳкамласа, иккинчи томондан, бундай глобал муаммолар ўзаро жам бўлиб ва барча босқичлардаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштирган ҳолда иш тутиш муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Форумнинг миллий ташкилотчилари – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва «Тараққиёт стратегияси» марказидир.

Халқаро ҳамкорлар – БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси офиси, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси, Фридрих Эберт ва Конрад Аденауэр номидаги жамғармаларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳисобланади.

Форумда 200 нафар мутахассис қатнашмоқда. Иштирокчилар асосан миллий ва хорижий экспертлар, иқлим бўйича мутахассислар, давлат ташкилотларининг иқлим ўзгариши муаммолари билан шуғулланадиган масъуллари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, илмий тадқиқот марказлари, компаниялар, ишбилармон доиралар ва халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат.

Telegram- !