in

Туркманистон билан икки томонлама келишувларнинг салмоқли тўплами қабул қилинди

Тошкент, Ўзбекистон — Самарали музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Қўшма баёнот имзоладилар.

Бундан ташқари, давлат раҳбарлари ҳузурида қуйидаги икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди:

– Ўзбекистон – Туркманистон чегараолди савдо зонаси фаолияти тўғрисидаги шартнома;

– Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт фани соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим;

– Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш тўғрисидаги битим;

– Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги баённома;

– Халқаро автомобилда йўловчи ва юк ташиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги баённома;

– Адлия вазирликлари ўртасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;

– Маданият соҳасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;

– Нефть маҳсулотлари ва суюқ кимёвий юкларни ташиш учун темир йўл вагонларини етказиб бериш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум;

– Биологик хавфсизликни таъминлаш масалалари бўйича ўзаро англашув меморандуми;

– Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Туркманистон Ташқи ишлар вазирлигининг Халқаро муносабатлар институти ўртасида Ўзбекистон – Туркманистон экспертлар кенгашини тузиш тўғрисидаги меморандум;

– Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти ҳамда Туркманистон Давлат, ҳуқуқ ва демократия институти ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум;

– Ўрмон хўжалиги соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси”;

– Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари билан Лебап вилояти ҳокимлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги билан Ахал вилояти ҳокимлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан Тошҳовуз вилояти ҳокимлиги ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар.