Тошкент, Ўзбекистон — Фарғона вилоятидаги давлат мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг оммавий заҳарланиши билан боғлиқ ҳолат назоратга олинди. Бу ҳақда Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил хабар қилди.
Болалар ҳуқуқлари бўйича вакилнинг маълум қилишича, 2026 йил 21 февраль куни Фарғона шаҳридаги болалар боғчалари тарбияланувчилари тана ҳароратининг кўтарилиши, ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетиши аломатлари билан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган. Тиббиёт ходимлари болаларда озиқ-овқат орқали келиб чиққан ўткир диарея ташхисини қўйган. Ҳозирги вақтда 62 нафар бола стационар даволанишда қолмоқда, уларнинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда.
Болалар ҳуқуқлари бўйича ҳудудий вакил вазиятни жойида ўрганиш ишларини олиб бормоқда, болалар ва уларнинг ота-оналари билан мулоқот қилмоқда, тиббий ҳужжатларни ўрганмоқда ҳамда кўрсатилаётган ёрдам жараёнини мониторинг қилмоқда. Шу билан бирга, вилоят санитария-эпидемиологик назорати бошқармаси, мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар мутахассислари мактабгача таълим муассасалари ошхоналарида текширувлар ўтказиб, болалар истеъмол қилган озиқ-овқат намуналари бўйича лаборатория тадқиқотларини амалга оширмоқда.
Заҳарланиш ҳолати юз берган болалар муассасалари ҳудуди Фарғона шаҳри прокуратураси ва шаҳар ИИБ ходимларини ўз ичига олган тергов-тезкор гуруҳ томонидан кўздан кечирилди, зарур процессуал ҳаракатлар амалга оширилди. Айни пайтда шаҳар ИИБ томонидан дастлабки терговгача текширув ишлари олиб борилмоқда.
Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил болалар манфаатларини ҳимоя қилиш ва ҳолатга тезкор муносабат билдиришни таъминлаган ҳолда вазиятни назорат қилишда давом этмоқда.
