in

Хива шаҳрида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раисининг Озарбайжон парламенти раҳбари билан учрашуви бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон — 1 июль куни Хива шаҳрида Биринчи Ўзбекистон-Озарбайжон парламентлараро форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг Озарбайжон Республикаси Миллий Межлиси Раиси Саҳиба Гафарова билан учрашуви бўлиб ўтди.

Суҳбат чоғида икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатлари юксак даражага кўтарилгани ҳамда иттифоқчилик, ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳида ривожланиб бораётгани таъкидланди.

Парламентлараро мулоқот изчил ривожланиб бораётгани ва ҳамкорликнинг институционал базасини мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди. Музокаралар чоғида рақамлаштириш, инновацион ривожланиш, таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим  ва ёшларни қўллаб-қувватлаш каби йўналишларда парламентлараро тажриба алмашишни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Тегишли қўмиталар ва комиссиялар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, шунингдек, парламент делегацияларининг мунтазам ташрифлари алмашинуви зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, томонлар Қўшилмаслик ҳаракатининг парламент тармоғи, Осиё Парламент ассамблеяси, Парламентлараро иттифоқ каби халқаро ва минтақавий парламентлараро тузилмалар доирасида ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканлигини билдирди.

Шу билан бирга, парламентлараро форумнинг бой ва мазмунли кун тартиби қайд этилди, унинг доирасида стратегик шериклик ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашда парламентларнинг ролидан тортиб, глобал таҳдидларга биргаликда жавоб бериш ва барқарор ривожланишни рағбатлантиришгача бўлган асосий масалалар муҳокама қилинмоқда.

Музокаралар якуни бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган Парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси ("йўл харитаси"), шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги парламент ҳамкорлигини институционаллаштиришда муҳим қадам бўладиган Парламентлараро комиссия фаолияти регламенти имзоланди.