in

Экологик ҳуқуқларни ҳимоя қилишда журналистларнинг роли ортиб бормоқда

15 май куни Тошкент шаҳрида “Фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини тарғиб этиш ва ҳимоя қилишда оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг ўрни” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан қатор ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этилди.

Ҳамкор ташкилотлар сафида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий бўлими ҳамда ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси бор.

Давра суҳбатида фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини кенгайтириш ва самарали ҳимоя қилиш мавзусининг матбуотда ёритилиши ҳолати ҳақида сўз юритилди. Бу жараёнда, шунингдек, жамоатчилик фикрини шакллантириш, экологик стандартлар ва сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг роли атрофлича таҳлил қилинди.

Атроф-муҳит масалаларини ёритишда журналистлар дуч келаётган замонавий муаммо ва тўсиқларга эътибор қаратилди. Экологик ахборот сифати ва улардан фойдаланиш имкониятини ошириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.

Тадбирда ташкилотчилар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат 50 дан ортиқ киши иштирок этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов экология ҳуқуқига оид халқаро шартномалар ва стандартларни амалга ошириш борасидаги мамлакатимиз тажрибасига батафсил тўхталди. 
Ўзбекистон ҳукумати томонидан экологик вазиятни яхшилаш бўйича амалга оширилган муҳим чора-тадбирлар, жумладан, мамлакатимизда биринчи марта фуқароларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳуқуқини таъминлаш соҳасидаги давлат мажбуриятлари конституциявий даражада мустаҳкамлангани таъкидланди. Мамлакатимизда алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар сонини кўпайтириш, экологик мониторингни кучайтириш зарурлигига жиддий аҳамият қаратилди. 

А.Саидов, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва журналистлар экологик муаммоларни ёритишда муҳим ўрин тутишини қайд этди. Бу, ўз навбатида, нафақат айни соҳа ҳолатидан аҳолининг хабардорлигини ошириш, балки атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ қарорлар қабул қилиш жараёнларига фуқароларни ҳам жалб этиш имконини бермоқда.

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили ва раҳбари Сара Ношади мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолаб, бу ўзгаришларнинг экология соҳасидаги аҳамияти ва кўламини эътироф этди. У ЮНЕСКО ваколатхонаси “Экология тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тайёрлашни фаол қўллаб-қувватлаётганини таъкидлади. 

Ушбу қонун лойиҳасини тайёрлашдан мақсад Ўзбекистонда экологик муаммоларни янада самарали ҳал этиш ва фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини берадиган норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришдир. С.Ношади, шунингдек, экологик муаммоларни ёритишда иштирок этаётган журналистлар хавфсизлиги масаласига алоҳида эътибор қаратди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий бўлими инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси Павло Бялик атроф-муҳитга оид инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда журналистларнинг ўрни ва кўмаги муҳимлигини таъкидлар экан, ушбу соҳа муаммоларини ёритишнинг мураккаб ва қалтис жиҳатларига тўхталди. 

Унинг фикрича, журналистларнинг бу борадаги фаолияти атроф-муҳитнинг ифлосланиши ҳақида тезкор ахборот тарқатишдан тортиб, иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиб бораётгани ва носоғлом экологиянинг аҳоли саломатлигига таъсиригача бўлган муаммоли жараёнларни кенг ёритишни ҳам ўзида қамрайди.

П.Бялик журналистларнинг экологияга оид ҳуқуқ ва қонунчилик мазмун-моҳиятини тарғиб этишдаги ролини юқори баҳолади. Айниқса, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг аҳамиятидан жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиш, атроф-муҳит муҳофазаси билан шуғулланадиган фаоллар ва ташкилотларни қўллаб-қувватлаш учун қулай мулоқот майдони яратиш борасида оммавий ахборот воситалари вакилларининг ўрни беқиёс.

Тадбир давомида экологик ҳуқуқлар соҳаси бўйича халқаро ва миллий экспертлар ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Оммавий ахборот воситалари экологик муаммоларни ёритишда дуч келадиган асосий муаммолар, шунингдек, экологик ҳуқуқларни тарғиб қилишнинг энг мақбул усуллари ҳақида атрофлича фикрлашилди.

Давра суҳбати якунида экологик ҳуқуқларни ҳимоя қилиш мавзусини ёритиш борасидаги муваффақиятли амалиёт ва стратегиялар тақдим этилди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланишга кўмаклашишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни самарадорлик билан амалиётга татбиқ этиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Telegram- !