Тошкент, Ўзбекистон — 12 май куни, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масуд Пезешкиян расмий ташриф билан Теҳрон шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповни қабул қилди.
Учрашув аввалида ўзбек томони коʻрсатилган меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевдан самимий салом ва энг эзгу тилакларни етказди.
Суҳбат чоғида томонлар икки давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли икки томонлама ҳамкорликни ҳар томонлама шериклик даражасига олиб чиқишга эришилганини мамнуният билан қайд этдилар. Олий даражада эришилган келишувларни амалий ижросини таъминлаш нафақат икки томонлама муносабатлар, балки бутун минтақавий барқарорлик учун ҳам муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Учрашувда икки томонлама муносабатларнинг устувор йўналишлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳалари, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда маданий-гуманитар алоқалар каби йўналишлар муҳокама этилди.
Теҳронга ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Эроннинг Инновациялар ва технологиялар уйига ташриф буюриб, энергетика, тиббиёт ва фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва қурилиш соҳаларидаги илғор ишланмалар ва маҳсулотлар билан танишди.