Тошкент, Ўзбекистон — БМТ Тараққиёт Дастури ва ҳамкорларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари доирасида 2024-йил 30-сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти негизида ташкил этилган Рақамли Ресурс Марказига янги замонавий ускуналар топширилди.
Рақамли ресурс маркази энергия сарфини самарали кузатиб бориш ва энергияни тежаш йўлларини ишлаб чиқиш учун замонавий технологиялар ва илғор тажрибаларни бирлаштирган, ҳам бюджетга, ҳам атроф-муҳитга фойда келтирадиган асосий муассаса ҳисобланади.
Рақамли ресурс маркази биноларнинг энергия истеъмоли бўйича маълумот тўплаш орқали энергияни беҳуда сарфлаш сабабларини аниқлаш ва энергия тежаш чораларини режалаштириш имконини беради. Бундай фаолият атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ҳисса қўшади ва Барқарор Ривожланиш Мақсадларига эришишга хизмат қилади. БМТ Тараққиёт Дастури томонидан кўрсатилаётган ёрдам марказнинг самарадорлигини оширишга қаратилган бўлиб, бу IT-ускуналар, офис мебеллари ва энергия аудитини ўтказиш учун замонавий воситаларини тақдим этишни ўз ичига олади. Шунингдек, тез орада институтнинг расмий веб-сайтига интеграция қилинган ва энергия тежамкор уй-жой қурилиши ҳақида хабардорликни оширишга хизмат қиладиган веб-платформа ҳам ишга туширилиши кутилмоқда.
Қайд этилишича, янги жиҳозлар Марказ жамоасига энергия сарфи ҳақидаги маълумотларни қабул қилиш ва қайта ишлашни автоматлаштириш, тезкор мониторинг ўтказиш ва биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш имконини беради. Шунингдек, янги ресурслар Марказга энергия тежамкор ва кам углеродли уй-жойларни лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича муҳим тренинглар ўтказиш, Ўзбекистоннинг энергия самарадорлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш имконини беради.
«Биз рақамли ресурс марказини қўллаб-қувватлашдан ва унинг кейинги самарали фаолияти учун пойдевор қўйишдан мамнунмиз. Марказ фаолияти вазирлик ходимларини ўқитиш ва салоҳиятини ошириш, шунингдек, энергия тежайдиган технологиялар ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишнинг афзалликларини намойиш этишда муҳим аҳамиятга эга», — деди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакиласи Акико Фудзии.
Таъкидлаш жоизки, Глобал Экологик Жамғармаси (GEF) томонидан молиялаштириладиган ушбу ёрдам БМТ Тараққиёт Дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг «Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уйлари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш» қўшма лойиҳаси доирасида кўрсатилмоқда. Лойиҳадан кўзланган мақсад Ўзбекистон қишлоқ аҳолисини атроф-муҳитга зарар етказмаган ҳолда янада қулай ва арзон турмуш шароитлари билан таъминлашдан иборат.