Тошкент, Ўзбекистон — 20 февраль куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев Бангладеш Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Муҳаммад Монирул Ислом билан учрашув ўтказди.
Суҳбат давомида томонлар савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар, туризм ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон-Бангладеш ҳамкорлигини ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.
Турли даражадаги ўзаро ташрифларга тайёргарлик кўриш, шунингдек, сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги даврасини ҳамда иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия йиғилишини ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди.
