Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон адлия вазири Акбар Тошқулов 8-ноябрь куни Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтаётган “Марказий Осиёда фуқаросизликка барҳам бериш” мавзусидаги конференсия доирасида БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари ёрдамчиси Рувендрини Меникдивела хоним билан учрашди.
Учрашувда БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармаси билан икки томонлама ҳамкорлик масалаларини ривожлантириш ва истиқболдаги режалар бўйича қисқача суҳбат ўтказилди.
Томонлар туғилганлиги қайд этилмаган ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлмаган фуқароларга зарур ҳужжатларни расмийлаштириш, шунингдек, фуқаросизликни қисқартириш бўйича ҳамкорликдаги амалий чора-тадбирларни йўлга қўйиш бўйича фикр алмашдилар.
Учрашув сўнгида Адлия вазирлиги билан БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ўртасида келгусидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.