Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) – 27 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин раислигида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, бу платформа олти йил аввал икки давлат раҳбарлари томонидан ишга туширилган бўлиб, қўшма Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми шаклида фаолият юритган.
Ҳудудлараро ҳамкорликнинг жадал суръати, ўзаро инвестицияларнинг юқори динамикаси, қўшма лойиҳалар сони, шунингдек, ҳамкорлик соҳаларини кенгайтириш учун катта салоҳиятни ҳисобга олиб, форум мақомини ошириш ва уни Президентлар раислигидаги Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашига айлантиришга қарор қилинди.
Кенгаш мажлисини очар экан, давлатимиз раҳбари Президент Владимир Путин ва Россия делегацияси вакилларини, жумладан, 30 га яқин ҳудуд раҳбарлари ва 300 нафар етакчи саноат корхоналари ва бизнес вакилларини самимий қутлади.
– Бундай ҳамкорлик юқори самарадорлик билан ажралиб туради, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги узоқ муддатли шерикликни кенгайтиришга хизмат қилади, – деб таъкидлади Президентимиз.
Бугунги олий даражадаги музокаралар самарали натижалар билан якунлангани, икки давлат ва халқлар манфаатлари йўлида кенг қамровли шерикликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга бўлган умумий интилишни кўрсатгани мамнуният билан қайд этилди.
Йил бошидан бери барча даражадаги, жумладан, икки давлат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларнинг фаоллашгани алоҳида таъкидланди. Биргина ўтган ҳафтада Ўзбекистон вилоятлари делегациялари Россиядаги шерик ҳудудларга ташриф буюрди.
Шу маънода, ҳудудлараро мулоқотни янада ривожлантириш ва уни янги амалий мазмун билан бойитишга алоҳида аҳамият берилмоқда.
Бугунги кунда ҳудудлар даражасида 4 миллиард долларлик 200 дан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда. Кенгаш мажлиси доирасида 5 миллиард долларлик янги шартномалар тўплами тайёрланган.
Олий даражадаги музокаралар давомида товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда 30 миллиард долларга етказиш ва келаси йили 10 миллиард доллар инвестиция ўзлаштириш бўйича янги мақсадлар белгилаб олингани мамнуният билан қайд этилди.
Мақсадларга эришишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи айнан икки давлат ҳудудлари бўлиши лозимлигини таъкидлаган давлатимиз раҳбари ҳамкорликнинг қатор устувор йўналишларини белгилаб берди.
Аввало, ўзаро савдони кўпайтириш. Сўнгги 7 йил ичида Ўзбекистоннинг Россия билан товар айирбошлаш ҳажми 2,5 баробарга ўсди. Ўзаро етказиб бериш таркиби, энг аввало, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ҳисобига сифат жиҳатидан яхшиланди.
Асосий ҳамкорлар қаторида Москва ва Санкт-Петербург шаҳарлари, Татаристон, Москва, Ленинград, Новосибирск, Астрахань, Иваново, Челябинск вилоятлари, Красноярск, Пермь ўлкалари, Бошқирдистон ва бошқалар бор.
Кооперация ва импорт ўрнини босиш лойиҳаларини ошириш ҳисобига товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш бўйича чора-тадбирлар режалари қабул қилинди, бу жараёнга ҳудудлар фаол жалб қилинади.
Савдо ва кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун Россияда Ўзбекистоннинг тўлақонли савдо ваколатхонаси очилади.
Инвестиция ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик суръати юқори баҳоланди. Ўзбекистонда уч мингдан ортиқ Россия компаниялари муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Энергетика, кимё ва нефть-кимё, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, логистика, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқларда лойиҳалар амалга оширилмоқда. Тошкент вилоятида татаристонлик ҳамкорлар билан бирга ишга туширилган “Химград” саноат зонаси кенгайтирилмоқда, Жиззах вилоятида унинг филиали барпо қилинмоқда.
– Қўшма лойиҳаларнинг умумий портфели 45 миллиард доллардан ошган. Бугунги саммит доирасида кооперациянинг янги лойиҳалари бўйича 20 миллиард долларлик келишувларга эришилди, шундан чорак қисми ҳудудлар ҳиссасига тўғри келади, – деди давлатимиз раҳбари.
Россия ҳудудларининг етакчи корхоналари билан кооперация лойиҳаларини илгари суриш учун янги қўшма саноат зоналарини ташкил этиш режалари қўллаб-қувватланди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш устувор йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилди. Ўзбекистон ҳудудларида агрологистика марказлари тармоғини кенгайтириш ишларини давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Ҳудудларга Россияда улгуржи-тақсимлаш марказларини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги экинларини биргаликда етиштириб, кейинчалик юртимизга етказиб бериш бўйича топшириқлар берилди.
Давлатимиз раҳбари ҳудудий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш инструментларини ривожлантиришнинг аҳамиятини қайд этиб, қўшма Инвестиция платформаси иш бошлашини эълон қилди.
Маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонда Россия етакчи университетларининг 14 филиали ташкил этилган бўлиб, Тошкентдаги Москва ва Санкт-Петербург давлат университетлари, Олмалиқдаги МИСИС Фан ва технологиялар университети, Жиззахдаги Қозон федерал университети ва бошқалар шулар жумласидан.
Ташриф давомида мамлакатимизда Бауман номидаги Москва давлат техника университети ва Бутунроссия ташқи савдо академияси филиалларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди. Маданий ҳамкорлик бўйича уч йиллик дастур қабул қилинди.
Ўзбекистон Президенти туризм алмашинувини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади. Сўнгги бир неча йилда россиялик туристлар сони 5 баробарга ошди. Ўзбекистон ва Россиянинг барча йирик шаҳарлари мунтазам авиақатновлар билан боғланган.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ва Россиянинг тарихий шаҳарларига туристик йўналишлар ва саёҳатларни ривожлантириш бўйича янги қўшма дастурларни қабул қилишни таклиф этди.
Ўз навбатида, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин мамлакатимиз билан кўп қиррали муносабатларнинг ривожланишидаги ижобий тенденцияларни юқори баҳолаб, Россия ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасидаги мавжуд ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашнинг муҳим аҳамиятини таъкидлади. Ишбилармон доира вакилларини қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни амалга оширишда фаол иштирок этишга чақирди.
Мажлис доирасида бир қатор янги йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бошлангани эълон қилинди.
Умуман, кенгаш доирасида савдо-иқтисодий, илмий-техник ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳудудлараро ҳамкорлик ҳужжатлари ва битимлар тўплами имзоланди.
in Ўзбекистон