Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) – Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров икки мамлакат биринчи хонимлари билан биргаликда Хива шаҳридаги Ичан қалъа мажмуаси ва Нуриллабой сарой мажмуасига ташриф буюрди.
Хива шаҳри 1990 йилда ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган, 1997 йилда унинг 2500 йиллиги нишонланган. Шаҳар 2020 йилда Туркий дунёнинг маданий пойтахти, 2024 йилда эса Ислом дунёсининг туризм пойтахти бўлди.
“Очиқ осмон остидаги музей” сифатида танилган Хива яхлит ёдгорлик сифатида Марказий Осиёда сақланиб қолган ягона шаҳар ҳисобланади. Бу ерда 120 дан ортиқ меъморий обидалар жойлашган.
Олий мартабали меҳмонлар танишувни “Ота дарвоза”дан бошлаб, ноёб “Кўҳна арк” мажмуаси, Шерғозихон мадрасаси, Жума масжиди, “Тошҳовли” мажмуаси ва бошқа обидалар билан танишди.
Меҳмонлар шарафига ўзбек халқ қўшиқлари янграб, театрлаштирилган томоша намойиш этилди.
Шундан сўнг Нуриллабой саройига ташриф буюрилди.
Сарой-боғ мажмуаси XX аср бошларида бунёд этилган. Мажмуа мадраса, 100 дан ортиқ хоналар, галереялардан иборат. Сарой хоналарини безашда хивалик моҳир усталар билан бирга чет эллик рассом-декораторлар ҳам иштирок этганлар, улар саройнинг шарқона қиёфасига Европанинг модерн услубини сингдирганлар.
Хива тарихи ва унинг фан ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, ҳудуднинг бой маданияти ва санъати ҳақидаги ҳикоялар қирғизистонлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
in Ўзбекистон