Тошкент, Ўзбекистон — 18 ноябрь куни Жиззах вилояти Бахмал туманида икки қизнинг ҳалок бўлишига олиб келган йўл-транспорт ҳодисаси юз берди.
Вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати хабарига кўра, ЙТҲ тахминан соат 19:30да 4Р-41 автомобил йўлининг 29-километрида содир бўлган.
“Cобалт” русумли автомашина ҳайдовчиси 33 ёшли А.О. белгиланмаган жойда йўлни кесиб ўтаётган 13 ёшли И.М. ва тўрт ёшли И.К.ларни уриб юборди. Қизлар олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган.
Ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) ва 117-моддаси 3-қисми “а” банди (хавф остида қолдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда гумонланувчи қўлга олиниб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.