Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) томонидан она тилини билиш даражасининг умумий таълим даражасига ва иккинчи чет тилини ўрганишга таъсири баҳоланди.
МҲТИ томонидан "Миллий қадриятларга асосланган иқтисодиёт: негизлар ва фаровонлик уйғунлигининг эмпирик таҳлили" номли ҳисобот тайёрланди.
Ҳисоботда лафз, рози-ризолик, ҳаракатда барака, эркин ва мустақил фикрлаш, жасорат, ўзбек тили ва бошқа миллий қадриятларимизнинг иқтисодий тараққиёт ва жамият равнақига таъсири эконометрик ёндашувлар асосида баҳоланди ва амалиётда қўллаш бўйича тавсиялар шакллантирилди.
Мутахассислар томонидан олиб борилган тадқиқотларга кўра, она тилини пухта ўрганиш инсон капиталига қилинган муҳим сармоядир. Она тилига асосланган таълим (Mother Tongue Based) аҳолининг саводхонлигини ошириш билан бирга муваффақиятли ўқиш ва меҳнат бозорига кириш имкониятларини оширади. Шунингдек, маҳаллий тилга кўпроқ эътибор қаратадиган мамлакатларда ижтимоий тараққиёт, ҳаракатчанлик ва капиталнинг яхшиланиши аниқланган .
Эконометрик таҳлил натижаларига кўра, она тилини билиш чет тилларини ўзлаштириш эҳтимолини оширади. Бу эса таълим даражасини ошириш орқали иш ҳақининг ўсишига олиб келади. Ўзбекистонда ҳар бир қўшимча ўқилган таълим йили иш ҳақининг 8,79 фоизгача ўсишига (дастлабки тадқиқотда Жиззах вилоятида 12,5 фоизгача) олиб келиши маълум бўлди. Шунингдек, ўрта ёки олий маълумотга эга бўлган ёшлар орасида чет тилларини билиш эҳтимоли юқори эканлиги аниқланди.
ЮНEСКО тадқиқотига кўра, ўрта муддатли истиқболда она тилига асосланган таълим дастурларида ўқиган болалар нафақат саводхонлик кўникмаларини, балки ўзига бўлган ишонч ва маданий ғурурни ҳам оширади. Она тилини мукаммал билиш чет тилини ўрганишда ёрдам бериб, ўз навбатида иш ҳақининг (иккинчи тилни билгани учун) ошишига олиб келади. Шунингдек, она тилини ўрганишдаги кўникмалардан иккинчи ва учинчи чет тилларини ўзлаштиришда кенг фойдаланилади. Бунда она тилидан тўғри фойдаланиш иккинчи тилни ўрганишга ижобий таъсир кўрсатиши амалиётда ўз исботини топган.
Мазкур тадқиқотда олиб борилган ҳисоб-китобларда Ўзбекистонда 2021-йил учун уй хўжаликлари бюджетини ўрганиш бўйича ўтказилган сўров натижаларидан фойдаланилди. Шунингдек, иккинчи тилни билиш иш ҳақи устамаларининг ошишига олиб келишини баҳолашда Минсернинг иш ҳақи модели (Mincer earnings function) дан фойдаланилди. Бунда чет тилини билишнинг иш ҳақига таъсири оддий регрессия ва ўзгармас эффект (fixed effect) моделларидан фойдаланган ҳолда баҳоланди.