in

Ўзбекистон бир қатор ўзлаштирилган атамаларни алмаштиришни таклиф қилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 9 июнь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида қонун ҳужжатларидаги бир қатор хорижий атамаларни ўзбек эквивалентлари билан алмаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда норма ижодкорлиги фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда қонунчилик ҳужжатларини содда ва тушунарли тилда тайёрлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, бу жараёнларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.

Ушбу қонун лойиҳасида қонунчилик ҳужжатларида фойдаланилган айрим тушунча ва юридик атамаларни ягона шаклда қўллаш ва уларнинг юридик-техник жиҳатдан тўғри баён этилишини таъминлашни назарда тутувчи ўзгартиришларни киритиш таклиф этилмоқда.

Хусусан, «аванс» сўзини «бўнак», «маркировка»ни «тамғалаш», «маршрут»ни «йўналиш», «светофор»ни «йўлчироқ», «коворкинг»ни “иш маркази”, «пароль»ни «ўрон», «прогрессив» сўзини эса «илғор» деб ўзгартириш назарда тутиляпти.

Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қонун ҳужжатларидаги тушунча ва юридик атамаларнинг қўлланилишидаги ноаниқликларни бартараф этишга, уларни бирхиллаштиришга хизмат қилади.

Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишдақабул қилинди.