Тошкент, Ўзбекистон — Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилдаги асосий вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.
Давлатимиз раҳбари кун тартибидаги масалаларга ўтишдан аввал 2025 йил якунларига қисқача тўхталди.
Ўтган йили иқтисодиётимиз дастлабки прогнозга нисбатан анча юқори, яъни 7,7 фоизга ўсиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 147 миллиард доллардан ошгани таъкидланди.
Иқтисодиётнинг барча тармоқларида ўсиш суръатлари 2024 йилгидан юқори бўлди. Жалб қилинган хорижий инвестициялар 43 миллиард долларга, экспорт ҳажми 33,8 миллиард долларга етди.
Юқори иқтисодий фаоллик, ўсаётган истеъмол талабига қарамасдан, инфляция даражаси 2024 йилдаги 9,8 фоиздан 7,3 фоизга пасайди.
“Нима учун бу рақамларни айтяпман? Чунки иқтисодий ўсиш қанчалик барқарор бўлса, инфратузилмани яхшилашга кўпроқ маблағ боради. Бу пировардида бандлик, даромад ва турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади”, – деди Президентимиз.
Ўтган бир йилда 366 минг оила камбағалликдан чиққани, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш соҳасида қилинган чоралар сабабли камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизга, ишсизлик эса 5,5 фоиздан 4,8 фоизга тушди.
“Буларнинг барчаси – ислоҳотларимиз самараси бўлиб, давлат ва халқ ўртасидаги ишонч тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат.
Лекин ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Биз 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилиб, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш бўйича катта вазифаларни белгилаб олдик.
Чунки маҳалла бу – ислоҳот қаерда ишлаётганини ҳам, қаерда тўхтаётганини ҳам аниқ кўрсатадиган жой. Маҳаллада ишсиз одам ва камбағал оила сақланиб қолган бўлса, демак, ислоҳот ўша ерга етиб бормаган. «Еттилик» ва банкир одамлар муаммосини ҳал қилмаётган бўлса, демак, шу ерда тизим ишламаяпти.
Ҳеч бир вазир, вилоят, туман ҳокими, банкир «еттилик»ни баҳона қилишга ҳаққи йўқ. Имконият ва маблағ бор, қарор ва дастур бор. Етишмаётган нарса – масъулият, шахсий жавобгарлик”, – деди давлатимиз раҳбари.
Президентимиз мавжуд имкониятларни ишга солиш бўйича ҳокимлар ва “маҳалла еттилиги”га методик билим ва тажриба етишмаётгани, масъул вазирлик ва идоралар эса уларга кўмаклашмаётганини кўрсатиб ўтди.
Арнасойда чорвачилик, Шўрчида банан етиштириш, Қувада анорчилик, Бўстонлиқда асаларичилик бўйича аҳоли ва тадбиркорлар яратган тажрибалар шундай ихтисослашувга эга бошқа туманлар учун яхши намуна бўла олиши, лекин бундан унумли фойдаланилмаётгани қайд этилди.
“Бундай тажрибалар ҳамма жойда бор. Лекин уларни ўргатиб, қамровини кенгайтирадиган тизим йўқ!” – деди давлатимиз раҳбари.
Мутасаддиларга бир ойда ишсизлик ва камбағаллик юқори маҳаллалардаги имкониятларни ўрганиб, уларга энг яхши тажрибаларни олиб кириш бўйича “методик қўлланма” қилиб бериш топширилди. Ҳокимлар эса жойларда бунинг ижросини ташкил этиб, одамларни ишли қилиш, даромадини кўпайтириш, уларни қийнаётган масалаларга ечим топишга масъул ва жавобгар бўлади.
“Умуман, бу йил ҳар бир вазирлик ва ҳокимликнинг фаолияти маҳалла билан боғланади, қабул қилинадиган қарорларда ҳам маҳаллада нима ўзгариши назарда тутилади”, – деди Президентимиз.
1 миллион аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш, камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 2,5 баробар ошириб, 3,5 мингга етказиш, ишсизлик ва камбағалликни 4,5 фоизга тушириш жорий йил учун вазифа этиб белгиланди.
Туманларда ўтказилган ўрганишлар инфратузилма, турмуш даражаси, бизнес фаоллик, молиявий имкониятлар каби 20 та мезон асосида 37 та «оғир» туманни аниқлади. Бундан ташқари, ҳар бир туман таҳлил қилиниб, камбағаллик даражаси юқори бўлган 903 та «оғир» маҳалла танлаб олинди.
Камбағал оилаларнинг учдан бир қисми, ишсизларнинг 21 фоизи ҳам танлаб олинган 37 та туман ва 903 та маҳаллага тўғри келиши аниқланди.
Яна 33 та туман ва 330 та «оғир» маҳаллага Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш ишлари бошланди.
“Асосий кучни ушбу 70 та туман ва 1 мингта «оғир» маҳаллага йўналтирсак, республикада камбағаллик даражасини 3 фоиздан пасайтиришга эришамиз”, – деди давлатимиз раҳбари.
«Оғир» туман ва маҳаллалардаги аҳоли ва тадбиркорлар солиқ имтиёзидан кўра, кўпроқ йўл, сув, электр таъминотини яхшилаб беришни сўраяпти. Шу муносабат билан жорий йилда инфратузилмани яхшилаш учун вилоятларга 20 триллион сўм ажратилиши, шундан 12 триллион сўм «оғир» туман ва маҳаллаларга йўналтирилиши белгиланди.
Республикадан маҳаллий буджетга қайтадиган маблағ 2 карра кўпайтирилиб, ҳокимларга 4 триллион 200 миллиард сўм берилади. Эндиликда вилоят ҳокимлари «оғир» туманга 10 миллиард сўмдан, 903 та маҳалланинг ҳар бирига 1 миллиард сўмдан ажратади.
Бунга қўшимча ҳар бир «оғир» туманга 50 миллиард сўм, «оғир» маҳаллага 2 миллиард сўмдан маблағ йўналтиради. Бу туман ҳокимлари ва маҳаллий кенгашлар «оғир» туман ва маҳаллалар учун қўшимча яна 4 триллион сўм олади дегани.
“Ҳокимлар эшитиб олсин: бу маблағлар инфратузилмани яхшилаш орқали камбағаллик ва ишсизликни 2 карра қисқартиришга хизмат қилиши шарт.
Ушбу туман ҳокимлари аҳолисига мурожаат қилади. Қайси маҳаллада нечта одамни ишли қилиб, қанча оилани камбағалликдан чиқаришини маҳаллама-маҳалла юриб тушунтиради.
Шунча маблағ бергандан кейин туман ҳокими халқнинг олдида масъулият олиб, жавоб берсин. Ҳокимликнинг фаолиятига халқнинг ўзи баҳо берсин”, – деди давлатимиз раҳбари.
Эндиликда ҳудудларни саноат, қишлоқ хўжалиги ва сервисдаги “солиштирма устунлиги”дан келиб чиқиб ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари бу тизимни Фурқат ва Деҳқонобод туманлари мисолида тушунтириб берди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига 70 та туман ва 1 мингта «оғир» маҳаллаларнинг “солиштирма устунлигини” таҳлил қилиб, иш ўрни ва даромадини кўпайтиришга туртки берадиган инфратузилма лойиҳалари бўйича алоҳида дастур қилиш ва молиялаштиришни бошлаш топширилди.
Ҳар бир туманда 5-10 та маҳаллани боғлайдиган 1-2 гектарли саноат зона ва кластерлар ташкил қилиниб, 100 минг нафар одам учун иш ўринлари яратилиши белгиланди.
Ҳудудларнинг бош режасини ишлаб чиқиш учун Франция, Буюк Британия, Испания, Туркиядан мутахассислар олиб келинмоқда.
Лекин ўзимиздаги 18 та олийгоҳда архитектура йўналишида йилига 7 мингга яқин мутахассис тайёрланмоқда.
Ҳокимлар битирувчи талабаларни 903 та «оғир» маҳалланинг бош режасига жалб қилиб, уларни чет эллик мутахассисга бириктирса, бу ёшларимиз учун ҳам касбий амалиёт, ҳам тажриба мактаби бўлиши таъкидланди.
Талабалар ўртасида маҳалла бош режасини ишлаб чиқиш бўйича танлов эълон қилинади.
Бундай маҳаллаларга янгича қиёфа олиб кирадиган энг зўр лойиҳаларни ишлаб чиққан талабалар жамоасига 100 миллион сўмдан мукофот берилади.
Бу орқали замонавий ёш архитектор ва урбанистлар корпуси шакллантирилиши таъкидланди.
«Оғир» туман ва маҳаллаларда аҳолини ишли қилиш ҳамда даромадини кўпайтириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Аввало, бундай ҳудудларни барқарор электр билан таъминлаш масаласини ҳал қилиш зарурлиги қайд этилди.
Бунинг учун 903 та маҳалланинг ҳар бирида 300 киловаттли кичик қуёш станциялари қурилиб, маҳаллага беғараз актив сифатида берилади.
Станциялардан олинган «яшил» энергия ҳисобидан ҳар бир маҳаллада 400-500 миллион сўм қўшимча даромад келтирадиган иқтисодий актив пайдо бўлади.
Бу «яшил» даромад «яшил» чора-тадбирларни амалга оширишга сарфланади. Яъни ушбу маблағлар эҳтиёжманд хонадонни «яшил» таъмирдан чиқариб, энергия харажатини камайтириш ва турмуш сифатини яхшилашга йўналтирилади.
Қуёш станцияларини эксплуатация қилишга мазкур маҳаллаларда яшовчи камбағал оила аъзолари ишга олинади. 1-гуруҳ ногиронлиги бўлиб, оиласида меҳнатга лаёқатли аъзоси бўлмаган 6 минг 700 та хонадон энергия тежамкор қилиб таъмирланади.
Бу ишлар ихтисослашув даражаси юқори бўлган яна 1 мингта илғор маҳаллада ҳам амалга оширилади. Кичик қуёш станциялари тайёр ҳолда 7 йил муддатга маҳаллаларга фоизсиз лизингга берилади.
Президентимиз ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш учун маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш зарурлигини таъкидлади.
Чуқур ихтисослашган маҳаллада турмуш фаровонлиги анча юқори, ижтимоий ёрдам олувчилар ҳам 2 карра кам.
Бугунги кунда 903 та «оғир» маҳаллада 100 минг гектар томорқа ва ижара ерлари бор. Агар ҳокимлар «еттилик» билан сув таъминотини яхшилаб, уруғ-кўчат етказиб, ихтисослашувни тизимли йўлга қўйса, у ердаги одамларни даромадида, турмуш шароитида кескин ўзгариш қилиш мумкинлиги таъкидланди.
Масалан, Нишон туманидаги Оқолтин маҳалласига насосда сув чиқарилгани учун 25 йил томорқасига экин экмаган 280 та хонадон 50-60 миллион сўм даромад олишни бошлади. Буни уддалаган маҳалла аҳолиси бугун ички йўллар ҳолатини яхшилашни сўраяпти. Давлатимиз раҳбари эртагаёқ бунга 1,5 миллиард сўм ажратишни топширди.
“Марҳамат, яна қайси маҳалла раиси ўзи бош бўлиб, аҳоли кўникмасига қараб, ҳудудни ихтисослаштирса, хонадонларнинг даромадини 3-4 карра оширса, йўл, сув, суғориш тармоғини яхшилаш учун яна 2 миллиард сўмдан ажратишга тайёрман.
Бу давлат ва маҳалла ўртасида янги, ўзига хос “ижтимоий шартнома” тизими бўлади”, – деди Президентимиз.
Маҳаллада ихтисослашувни рағбатлантирадиган қўшимча молиявий механизмлар ҳам йўлга қўйилади. Хусусан, томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларига:
– сертификати бор кўчатларни сотиб олиш харажатининг ярми буджетдан қоплаб берилади;
– меванинг турига қараб, «шпалер»лар учун 20 минг сўмдан 70 минг сўмгача субсидия ажратилади;
– томорқасига томчилаб суғоришни жорий қилганларга ҳар 1 сотих учун 160 минг сўм компенсация тўланади.
Агар уста деҳқонлар маҳалладаги ҳар 10 та хонадонда экспортбоп маҳсулот етиштиришни йўлга қўйса, 2 миллион сўм, буни томорқаси бор хонадонларнинг камида 30 фоизида қилса, яна 75 миллион сўмдан мукофот олади.
Жорий йил 2 минг гектар ўрмон ери 4 минг камбағал оилага 50 сотихдан тутзор қилиш учун 10 йилга бепул берилади. Бунда пилла кооперативини тузиш учун эҳтиёжманд оилаларга 4 миллион сўмдан субсидия ажратилади.
Бундан ташқари, уйида пилла етиштириш истагидаги эҳтиёжманд оилаларга хонани жиҳозлаш ва ускуна олиш учун 20 миллион сўмгача фоизсиз ссуда берилади.
Жорий йилда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга 140 триллион сўм кредит ажратилиши белгиланган.
“Очиқ айтиш керак, ҳозир банклар таклиф қилаётган кредитлар барча туман ва шаҳарлар учун бир хил. Энди ўзингиз айтинг, Олмазор билан Бўзатовдаги имконият ва шароитни таққослаб бўладими?
Лекин оилавий тадбиркорлик учун иккала туманга бир хил, 17,5 фоизли кредит ажратиляпти. Энди 37 та «оғир» туманда ушбу дастур доирасида кредитлар 12 фоиздан берилади”, – деди Президентимиз.
Барча туманда оилавий тадбиркорлик бўйича имтиёзли кредитнинг энг кўп миқдори 1,5 карра кўпайиб, 50 миллион сўмга етказилади. Бунда импорт қилинган ва сертификатли наслли чорва учун 100 миллион сўмгача кредит берилади. Уй меҳмонхона, кичик ҳажмли музлаткич, маҳсулотни сақлаш ва қайта ишлаш мини технологияси учун 150 миллион сўм гаровсиз кредит ажратилади.
Чегара ва анклав ҳудудда жойлашган 562 та маҳалладаги тадбиркорлик лойиҳаларининг кредит миқдори 1 миллиард сўмгача оширилади.
Бунинг учун жорий йилда оилавий тадбиркорлик дастурларига режа қилинган 3,6 триллион сўмга қўшимча яна 2 триллион сўм ресурс йўналтирилиши белгиланди.
Маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш учун бу йил банклар 17 триллион сўмлик кредит ажратади. Бу жараёнда маҳсулот етиштиришга олинган кредитнинг 4 фоизи, уни қайта ишлаш лойиҳасида эса 6 фоизи қоплаб берилади.
“Ҳоким ёрдамчилари ташаббускорларни топиб, маҳаллада микро ва кичик лойиҳаларни амалга оширишни анча ўрганди, тажриба орттирди. Энди улар ўзи масъул бўлган маҳалладаги ишини “лойиҳавий ёндашув” асосида ташкил қилишга ўтади”, – деди Президентимиз.
Ҳоким ёрдамчиларини “лойиҳавий ёндашув” асосида ишлашга ўқитиш тизими йўлга қўйилиб, буни «оғир» маҳаллалардан бошлаш топширилди. Ҳар бир туман кесимида “лойиҳавий ёндашув” асосида амалга ошириладиган лойиҳалар портфели шакллантирилади.
«Оғир» маҳаллалардаги бўш ерлар ва давлат объектларининг бошланғич нархини 2-3 карра пасайтириб, сотувга чиқариш йўлга қўйилади.
Иш ўрни ва даромадни кўпайтириш бўйича энг яхши натижа кўрсатган 100 та «оғир» маҳаллага 1 миллиард сўмдан маблағ берилади. Ушбу маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари Хитой, Туркия, Корея, Малайзия каби давлатларга бир ойлик малака ошириш курсларига юборилади.
“Маҳалла еттилиги” самарасини ошириш бўйича пойтахтда йўлга қўйилган тажриба энди барча туман ва шаҳарларда ҳам татбиқ этилиши белгиланди.
Бундан буён ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси маҳалла раиси тақдимномаси асосида туман ҳокими томонидан лавозимга тайинланади ва ишдан олинади.
Пойтахт, вилоят марказлари ва йирик туман-шаҳарлардаги жозибадор бизнес муҳити барқарор тадбиркорлар синфининг шаклланишига хизмат қилмоқда.
Масалан, республикадаги жами саноатнинг 62 фоизи, хизматларнинг 57 фоизи тадбиркорлик салоҳияти юқори 50 та туман-шаҳарга тўғри келади. Уч йил олдин ушбу туманларда маҳаллий буджетнинг қўшимча даромади жами 875 миллиард сўм бўлган. Энди эса уларга 8,5 баробар кўп, яъни 7 триллион 400 миллиард сўм қўшимча маблағ тушади.
Шу боис, 50 та туман ҳокими имкониятини ишга солиб, инфратузилмани яхшилаш орқали даромадни кўпайтириш бўйича қаттиқ ишлаши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Бу борада пойтахтдаги 12 та туманда бизнес режа ишлаб чиқилиб, буджетга яна 5,5 триллион сўмлик тушум манбаси аниқланди. Масалан, Олмазор туманида жорий йил маҳаллий буджетга қўшимча 525 миллиард сўм келиб тушиши кутилмоқда.
Масалан, «Кайковус» каналининг 2 километр қисми Эски шаҳар ҳудудидаги 8 та маҳалладан ўтган. Энди ушбу 8 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари битта “лойиҳа гуруҳи”га бирлашиб, яхлит концепция асосида канал бўйида савдо, сервис ва дам олиш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ишлайди.
Худди шу тартибда туризм, таълим, тиббий хизматлар, реновация, кўл бўйи, гавжум кўчалар каби йўналишларда ҳам ҳоким ёрдамчиларидан иборат “лойиҳа гуруҳлари” ташкил қилинади.
Давлатимиз раҳбари яна бир муҳим масалага тўхталди.
Бутун республикада аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бўйича катта тадбир бошланган.
Ҳозиргача жами 7 миллион 613 минг хонадондан 4 миллион 776 минги рўйхатдан ўтди. Лекин бу борадаги ишлар Тошкент шаҳри, Фарғона, Сурхондарё, Бухоро, Тошкент вилоятида секин кечмоқда.
“Бундай муҳим тадбир 37 йил ичида биринчи марта ўтказиляпти.
Рўйхатга олиш – ҳар бир маҳалла, ҳар бир оиланинг реал ҳолатини аниқлаш, келгуси режаларни шунга қараб белгилаш, энг асосийси, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган самарали механизмларни йўлга қўйишга хизмат қилади”, – деди давлатимиз раҳбари ва барча юртдошларимизни рўйхатга олишда фаол иштирок этишга чақирди.
Йиғилишда туман ҳокимлари, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчиларининг ҳисобот ва таклифлари тингланди.
