Тошкент, Ўзбекистон — Россиянинг Қозон шаҳрида бўлиб ўтган БРИКС ва “БРИКС плюс” йиғилишларига жаҳон оммавий ахборот воситалари ва хорижий давлатлар экспертлари катта қизиқиш билдирмоқдалар.
Бунга асосий сабаб бир томондан БРИКСнинг дунёда ошиб бораётган мавқеи бўлса, иккинчи томондан халқаро муносабатлар тизимида глобал ривожланиш билан боғлиқ муаммоларнинг кучаётганлиги ҳисобланади.
Ҳурматли Президентимизнинг ушбу нуфузли тадбирда иштирок этишлари Ўзбекистон учун ўзининг бир қанча жиҳатлари билан аҳамиятлидир.
Биринчидан, Ўзбекистоннинг халқаро мавқеининг ошиб бораётганидан далолат беради. Яъни Ўзбекистон халқаро майдонда янги дунё тартибини шакллантиришда муҳим иштирокчига айлангани кўрсатади.
Иккинчидан, “БРИКС плюс” тадбирларида Осиё, Африка, Яқин Шарқ, Лотин Америкасининг 40 га яқин давлат иштирок этганини инобатга олсак, Ўзбекистон ушбу платформа орқали ўз ташаббусларини илгари суриши ва халқаро позицияларини мустаҳкамлаш имконига эга бўлади.
Шу ўринда бугун дунёда чуқур геосиёсий трансформация жараёнлари бўлаётганлиги ва уларнинг юртимиз манфаатларига ҳам таъсир ўтказишини инобатга олсак, Ўзбекистон бундай жараёнларни инкор этиб, четдан қараб туролмайди. Шу сабабли давлатимиз Раҳбарининг ушбу тадбирда иштирок этишари энг аввало, миллий манфаатларимизнинг халқаро майдонда инобатга олинишини таъминлашга хизмат қилади.
Учинчидан, ушбу саммитда иштирок этиш, халқаро иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга кенг имкониятларни тақдим этади.
Бугун БРИКС давлатлари дунё иқтисодиётини шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Хусусан, дунё савдо ҳажмининг 30 фоизи айнан БРИКС давлатларига тўғри келади. Қолаверса дунёда иқтисодий ўсишнинг ўртача суръати 3,2 фоизни ташкил этса,
БРИКС давлатларининг ушбу кўрсаткичи 4 фоизни ташкил этмоқда.
Қолаверса БРИКС давлатлари аҳолисининг дунё аҳолисининг 45 фоизини ташкил этишини инобатга олсак, маҳсулотларимиз экспорти учун катта бозорга чиқиш имкони пайдо бўлаётганини англаш қийин эмас.
Тўртинчидан, “БРИКС плюс” йиғилишида Ўзбеистоннинг иштироки сўнгги йилларда ҳурматли Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган тенглик, давлатларнинг суверен ҳуқуқини тан олиш, ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган самарали халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ташқи сиёсатимизнинг мантиқий давоми ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан Президентимиз минтақавий хавфсизлик ва глобал ривожланишнинг долзарб масалалари бўйича бир қанча муҳим ташаббусларни илгари сурдилар.
Бугун дунёда кузатилаетган низо ва урушларнинг ошиб бораётганлиги, дунё иқтисодиётининг парчаланиши, санкциялар қўлланилишининг ортиши, технологик рақобатнинг кўчайиши кўп томонлама ҳамкорлик ўрнатишга ва ривожлантиришга тўсиқ бўлмоқда.
Қолаверса, ушбу ҳолат озиқ-овқат хавфсизлиги, инфляция, камбағалликнинг ошиши, транспорт, соғлиқни сақлаш, экология билан боғлиқ муаммоларни кучайтирмоқда.
Шу муносабат билан давлатимиз Раҳбари Ўзбекистон БМТнинг марказий ўрнини таъминлаган ҳолда адолатли дунё тартиботининг янги архитектураси шаклланиши тарафдори эканлигини айтиб ўтдилар. Унда асосий урғу конструктив мулоқот орқали, геосиёсий рақобат, миллий худбинлик ва ғоявий курашлардан ҳоли бўлган глобал оқилона муросага келишишга қаратиш кераклигини таъкидладилар.
Бундан ташқари давлатимиз Раҳбари глобал тенгсизликни бартараф этиш ва инклюзив иқтисодий тикланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
БМТ берган маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг 1/5 қисми, бугун қашшоқ ҳолда (кунига 1,9 доллар эвазига) кун кечирмоқда, ачинарлиси уларнинг 50 фоизини 18 ёшга кирмаган болалар ташкил этади.
Тиббиёт соҳасида ҳам тенгсизликларни кузатишимиз мумкин. Халқаро тадқиқот марказлари берган маълумотларга кўра, ривожланган давлатлар аҳолисининг 75 фоизидан кўпи турли хил касалликлардан эмланган бир пайтда, ривожланаётган давлатларда ушбу кўрсаткич 50 фоизга етмайди.
Шу сабабли давлатимиз Раҳбари ривожланаётган давлатларнинг камбағаликни қисқартириш, иқтисодиётни модернизация қилиш, экологик муаммоларни ҳал этиш билан боғлиқ бўлган ижтимоий-иқтисодий дастурларини қўллаб қувватлашни таклиф қилдилар.
Бундан ташқари Президентимиз инновация, рақамли иқтисодиёт, яшил энергетика соҳаларида халқаро амалий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистоннинг БРИКСнинг сунъий интеллект бўйича Тадқиқот гуруҳининг қўшма лойиҳаларида иштирок этиш, ЮНИДО ҳузурида ташкил этилаётган Компетенциялар марказига, шунингдек, таклиф этилаётган Инвестиция платформасига қўшилишини таъкидладилар.
Давлатимиз Раҳбари бевосита глобал хавфсизлик масалалари тўғрисида гапириб, Яқин Шарқ хусусан Ғазо сектори ва Ливандаги вазиятга алоҳида тўхталиб ўтдилар. Яқин Шарқдаги низога етакчи давлатларнинг иштироки туфайли унинг глобал нотинчлик учоғига айланиш хавфи остида турганлиги алоҳида ташвиш билан қайд этилди.
Президентимиз тинч аҳоли, айниқса, болаларнинг бегуноҳ қурбон бўлишини ҳеч қандай сиёсий мақсадлар оқлай олмайди деб айтиб ўтдилар. Хусусан, 7 октябрдан 23 октябрга қадар вақт оралиғида Ғазо секторида 43 минг одамнинг вафот этганлиги улардан 16 мингини болалар, 11 мингини аёллар ташкил этган.
Шу сабабли Президентимиз БРИКС плюс тадбирида иштирок этаётган давлатларни Яқин Шарқдаги уруш ҳаракатларини тўхтатиш ва қуролли тўқнашувлардан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш кечиктириб бўлмайдиган вазифа эканлигини таъкиладилар.
Бундан ташқари экстремиз ва терроризмга қарши курашишда Ўзбекистонда шаклланган самарали тажриба асосида кенг ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилдилар. Шу ўринда ҳурматли Ўзбекистон Республики Президенти ташаббуси билан жорий йил май ойида ташкил этилган Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги қуролли туқнашув ҳудудларидан олиб келинганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш бўйича БМТ билан ҳамкорликда тузилган Марказий Осиё экспертлар кенгашини айтиб ўтиш лозим.
Ушбу кенгаш фаолияти экстремизм ва терроризмга қарши курашиш, ёшларнинг бузғунчи ғоялар таъсирига тушуб қолмаслик, уруш учоқларидан олиб келинганларни ижтимоий ҳаётини тиклаш бўйича илғор тажриба алмашишга катта хизмат қўшиб келмоқда.
БМТнинг инсон ҳуқулари бўйича эксперти Фионнуала Ни Аолайн Ўзбекистоннинг бу борадаги сиёсатига баҳо бериб қўйидаги сўзларни айтиб ўтган “Ўзбекистон модели бошқа давлатлар учун ўз фуқароларини уруш учоқларидан қайтариб олиб келиш учун
Йўл харитаси бўлиб хизмат қилади. У самарали, инсонпарвар бўлиб, инсон ҳуқуқларини таъминланишига хизмат қилади”.
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “БРИКС плюс” йиғилишида илгари сурган таклифлари бирдамлик ва ҳамжиҳатлик билан мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва глобал ривожланиш истиқболарини белгилашга қаратилган.
Бахтиёр Мустафаев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари