Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистонда видеокузатув камералари ёрдамида ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар томонидан автомобил бошқарилган 192 та ҳолат аниқланди.
Энг кўп қоидабузарликлар Хоразм вилоятида қайд этилган бўлиб, у ерда 60 та ҳолат аниқланган. Шунингдек, Тошкент шаҳрида 40 та шундай ҳолат қайд этилган.
Маълумотларга кўра, 32 ҳолатда қоидабузарларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараварида, яъни 20 миллион 600 минг сўм миқдорида жарима қўлланилган. Яна 31 ҳолатда эса 5 баравар базавий ҳисоблаш миқдорида — 2 миллион 60 минг сўм жарима белгиланган.
Бундай қоидабузарликларни қайд этиш видеокузатув камералари орқали амалга оширилади ва улар транспорт воситасини тегишли ҳуқуқсиз бошқариш ҳолатларини аниқлаш имконини беради.
