in

Саида Мирзиёева ЮНЕП билан экологик ҳамкорликни муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Ассамблея доирасида БМТ Бош котиби ўринбосари ва БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (ЮНЕП) ижроия директори Ингер Андерсен, шунингдек Глобал экологик фонднинг бош ижрочи директори Клод Гаскон билан учрашувлар ўтказди.

Музокаралар давомида томонлар минтақа учун муҳим аҳамиятга эга бўлган долзарб экологик масалаларни муҳокама қилдилар. Эътибор марказида чўлланиш ва ер деградациясига қарши кураш, ҳаво сифати мониторинги, биоранг-барангликни сақлаш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш чоралари бўлди.

Саида Мирзиёева ЮНЕП ва Глобал экологик фонд раҳбариятига Ўзбекистонда амалга оширилаётган «яшил» ислоҳотларни қўллаб-қувватлаётгани ҳамда амалий экологик ечимларни илгари суришдаги ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.

Унинг таъкидлашича, ушбу халқаро ташкилотлар фаолияти барқарор ривожланишни таъминлаш ва экологик муаммоларни ҳал этишга қаратилган ташаббусларни амалга оширишга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, Самарқандда ўтказилган тарихий Фонд Ассамблеясининг муваффақиятли ташкил этилгани қайд этилиб, иштирокчиларга ушбу тадбир муносабати билан табриклар йўлланди.