Тошкент, Ўзбекистон — Самарқанд вилояти ҳокимлигида вилоят раҳбари Адиз Бобоевнинг Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Араей билан учрашуви бўлиб ўтди. Аввал хабар қилинганидек, банк Ўзбекистонда мактабгача таълим тизимини модернизация қилишни фаол қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, Самарқанд вилоятида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида қарийб 100 та болалар боғчасини қуриш, реконструкция қилиш ва фойдаланишга топшириш бўйича йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.
Учрашувда ОТБ экспертлари томонидан вилоятдаги маҳаллалар ўрганиб чиқилгани таъкидланди. Ўрганиш натижаларига кўра, ДХШ асосида 37 та янги мактабгача таълим ташкилоти биноси қуришга эҳтиёж мавжудлиги аниқланди. Шунингдек, амалдаги 49 та мактабгача таълим ташкилоти биносини қайта таъмирлаш ва 66 тасини капитал таъмирлаш режалаштирилган. Ҳозирги кунда келгусида қуриладиган объектлар учун аниқ жойларни белгилаш устувор аҳамиятга эга бўлиб, бу борада хорижий инвесторларни жалб этиш мақсадида халқаро тендер эълон қилиш имконини беради.
Вилоят ҳокими Адиз Бобоев ушбу ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳани амалга оширишда вилоят ҳокимлиги ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди.
Томонлар ҳамкорликдаги амалий ишларни янада яхшилашга келишиб олдилар.
