in

Фаррух Зокиров ижоди кенг тарғиб қилинади

Тошкент, Ўзбекистон — “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Фаррух Зокиров ижодини кенг тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодга муносиб етказиш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабига (Мактаб) Фаррух Зокиров номи берилади.

Мактабда: “Ялла” номидаги болалар ансамбли фаолияти ташкил этилади;

Ёшлар ижодий лабораторияси ҳамда “устоз-шогирд” анъаналари асосида эстрада йўналиши бўйича ижрочилик маҳорат мактаблари ташкил этилади;

Мактаб бадиий-педагогик кенгаши қарори билан ташкил этилган маҳорат мактабининг устоз-ижодкорлари Давлат бюджети ҳисобидан ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 5 баравари миқдорида рағбатлантириб борилади;

Ёшлар ижодий лабораторияси доирасида:

2026/2027 ўқув йилидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 3 нафардан болалар мусиқа

ва санъат мактабининг иқтидорли ўқувчиларидан иборат гуруҳ шакллантирилиб борилади ҳамда таътил даврида ёзги тўгаракка жалб этилиб, эстрада хонандалиги бўйича махсус бепул курсларда ўқитилади;

2026/2027 ўқув йилигача замонавий овоз ёзиш ва тасвирга олиш студияси ташкил этилади ҳамда у саҳна жиҳоз ва либослари билан таъминланади;

Мактаб ва ёзги тўгаракка жалб қилинган ўқувчиларнинг ижод намуналари телевидение ва халқаро онлайн платформаларда намойиш этиб борилади.

2026–2027 йилларда тажриба-синов тариқасида халқаро нуфузли танловларда ғолиб ва совриндор бўлган Мактаб ва ёзги тўгарак ўқувчилари (жамоалари) ҳамда уларни тайёрлаган ўқитувчи (концертмейстер) қуйидаги миқдорда 1 марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади: “Гран-при” ва 1-ўрин соҳиби 30 млн сўм, ўқитувчи (концертмейстер) 20 млн сўм миқдорида, 2-ўрин соҳиби 20 млн сўм, ўқитувчи (концертмейстер), 10 млн сўм миқдорида, 3-ўрин соҳиби 10 млн сўм, ўқитувчи (концертмейстер) ва 5 млн сўм миқдорида.

Шунингдек, умумхалқ байрам дастурлари ва юқори даражадаги анжуманларнинг бадиий қисмида Мактаб ва ёзги тўгаракнинг иқтидорли ўқувчилари ҳамда ижодий жамоаларининг иштирок этишига шарт-шароитлар яратилиб, қўллаб-қувватланади.

Мактабда аъло баҳоларга ўқиётган ўқувчиларнинг 10 нафари Мактаб бадиий-педагогик кенгаши қарори билан Маданият вазирлиги тизимидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаби ҳамда мактаб-интернатларига имтиҳонларсиз қўшимча квота асосида қабул қилиш тартиби жорий этилади.