Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Солиқ қўмитаси ижтимоий тармоқларда тарқалган умумий овқатланиш корхоналари учун қўшилган қиймат солиғининг нол ставкаси жорий этилиши режалаштирилаётгани ҳақидаги маълумотларни рад этди.
Идорада тушунтирилишича, яқинда соҳa вакиллари билан ўтказилган учрашувда ҳақиқатан ҳам тармоқни қўллаб-қувватлашнинг турли ёндашувлари, жумладан халқаро тажриба муҳокама қилинган. Хусусан, айрим давлатларда умумий овқатланиш корхоналари учун ҚҚС бўйича имтиёзли солиқ режимлари қўлланилиши мисоллари кўриб чиқилган.
Шу билан бирга, қўмита қайд этишича, бундай чоралар хорижда одатда бизнес учун бир қатор мажбуриятлар билан бирга амал қилади. Бу ходимлар сони, иш ҳақи даражаси ва бошқа ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларга қўйиладиган талабларни ўз ичига олиши мумкин.
Солиқ қўмитасида таъкидланишича, ҳозирги босқичда фақат қўллаб-қувватлашнинг мумкин бўлган механизмларини ўрганиш ва хорижий амалиётни таққослаш таҳлили олиб борилмоқда.
Умумий овқатланиш корхоналари учун ҚҚСнинг нол ставкаси жорий этилиши бўйича ҳеч қандай якуний қарор қабул қилинмаган.
Бизнес вакилларига тармоқни ривожлантириш бўйича ўз ташаббус ва таклифларини тақдим этиш таклиф қилинди.
Уларни кўриб чиққандан сўнг тадбиркорлик жамоатчилиги билан биргаликда давлат ва бизнес манфаатларини ҳисобга олган ҳолда мувозанатли қарорлар ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.
