Тошкент, Ўзбекистон — Хайдаробод шаҳрига амалга оширилган хизмат сафари доирасида Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Ҳиндистоннинг етакчи кўп тармоқли тиббиёт муассасаларидан бири бўлган “AIG Hospitals” раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
Ташриф давомида ўзбек делегацияси учун шифохона фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида экскурсия ташкил этилди. Унда “AIG Hospitals” вакиллари замонавий тиббий технологиялар, клиникани бошқариш тизими, даволаш жараёнларини ташкил этиш ҳамда тиббий хизматлар сифатини юқори даражада таъминлаш бўйича ўз тажрибаларини тақдим этдилар.
Ўзбекистон томони эса мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек тиббиёт соҳасидаги лойиҳаларни рўёбга чиқаришда инвесторларга тақдим этилаётган давлат қўллаб-қувватлов чоралари ва имтиёзлар ҳақида маълумот берди.
Конструктив мулоқот давомида томонлар соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва инвестицияларни жалб этиш истиқболларини муҳокама қилиб, шериклик муносабатларини янада кенгайтиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.
