Тошкент, Ўзбекистон — ИССВ раҳбари Лазиз Кудратов илгари Қатар Давлати Бош вазирининг ўринбосари, Ташқи ишлар вазири ҳамда Мудофаа вазири лавозимларида фаолият юритган “Thirty-Five Group” компанияси асосчиси ва бошқаруви раиси доктор Холид бин Муҳаммад Ал-Аттия билан учрашди.
“Thirty-Five Group” кўчмас мулк, инфратузилма, энергетика, саноат, тоғ-кончилик ва замонавий технологиялар соҳаларида халқаро бозорда муваффақиятли иш олиб бораётган Қатарнинг йирик инвестицион холдинги ҳисобланади.
Мулоқот давомида томонлар инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва Ўзбекистон иқтисодиётига узоқ муддатли капитални жалб этиш, жумладан, энергетика, логистика, таълим, кимё саноати, геология ва тоғ-кончилик соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Қатар томонига келгусида биргаликда ишлаб чиқиш учун мўлжалланган истиқболли лойиҳа таклифлари тақдим этилди.
Учрашув якунида Қатар томони Ўзбекистоннинг юқори инвестициявий салоҳиятини алоҳида эътироф этиб, амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканлигини билдирди.
Томонлар қўшма ташаббусларни илгари суриш бўйиша навбатдаги қадамларни келишиб олдилар.
